Она ва бола эгиз тушунча. Уларни ҳеч вақт айро тасаввур этиб бўлмайди. Шунинг учун мамлакатимизда она ва бола соғлигини муҳофазалаш бўйича кенг кўламли тадбирлар йилма-йил, изчил амалга ошириб келинмоқда. Бу борада яна хотин-қизларимизнинг ўзлари доимо пеш­қадамдирлар. Барча шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларида бош врачларнинг шу соҳани бошқарувчи алоҳида ўринбосарлари иш юритмоқдалар. Қолаверса, бирорта катта ёки кичик даволаш-профилактика муассасаси йўқки, хотин-қизлар кўпчиликни ташкил этмаётган бўлсин. Энг муҳими, уларда беқиёс меҳр мужассам, уларда касб­га садоқат кучли, уларда ҳалоллик ва фаоллик устувор. Рағбату мукофотларнинг сараси ҳам шундай тиниб-тинчимас фидойиларга бериб келинмоқда.

Узоққа бормайликда, тиббиёт ходимлари куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2014 йил 31 октябрдаги буйруғига биноан "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони билан тақдирланган олти кишининг рўйхатига назар ташлайлик. Улардан тўрт нафари аёллардир. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалидан Шоира Файзиева, Елена Дивеева, Чортоқ туман марказий шифохонасидан Ҳадича Тўхтаева, Косонсой туман тиббиёт бирлашмасидан Саломат Саркоровалар ана шундай аълочи шифокорлардир.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан 2014 йилнинг якуни бўйича Косонсой туман "Мустақилликнинг 20 йиллиги" ҚВП ходими Матлуба Ғаниева "Йилнинг энг яхши амалиёт врачи", Норин туман "Тўлқин" ҚВП ходими Дурдона Қурбонова "Йилнинг энг яхши патронаж ҳамшираси", вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ходими Барно Абобакирова "Йилнинг энг яхши педиатри", Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиали ходимларидан Дилбар Азизова "Йилнинг энг яхши неонатологи", Зулхумор Зоҳидова "Йилнинг энг яхши дояси", Учқўрғон туман "Катта Чек" ҚВП ходими Гулнора Жўраева "Йилнинг энг фаол врачи", Уйчи ТТБ ходими Мунира Умарова "Йилнинг энг яхши офтальмологи", Янги­қўр­ғон ТТБ ходими Ҳамрохон Тўхтабоева "Йилнинг энг яхши тез ёрдам врачи", Учқўрғон ТТБ ходими Лариса Симонова "Йилнинг энг яхши инфекционисти", Мингбулоқ ТТБ ходими Мамлакат Раҳимова "Йилнинг энг яхши болалар бўлими ҳамшираси" ва вилоят стоматология поликлиникаси ходими Маърифат Бойматова "Йилнинг энг яхши стоматологи" дея эътироф этилдилар. Бу ўзига хос сийлов, ўзига хос маънавий рағбат, албатта.

Мана, янги йилнинг иккинчи ойи якунланмоқда. Саноқли кунлардан кейин хотин-қизларимизнинг анъанавий байрами нишонланади. 8 март айёми арафасида биз ҳам илғорлар номларини яна бир бор мамнуният билан қайд этиб, кўнгилларимиз фахрларга тўлмоқда. Ҳа, ҳадемай баҳорнинг серфайз байрами нашидаси ҳар бир хонадонга кириб боради. Нафақат тиббиётчиларимизни, айни маҳалда барча оналаримизни, опа-сингилларимизни қутлар эканмиз, уларга ҳамиша танисиҳатлик, узоқ умр, бахту саодат ёр бўлишини тилаймиз!

Байрамингиз муборак, азизлар!