Вилоятнинг энг чекка ҳудудларидан бўлмиш Попнинг олис масофасидаги, Чотқол тоғи ён бағриларига туташ Олтинкон қишлоғи аҳолиси ҳузурига куни кеча оқ халатли нажоткор инсонлар ташриф буюришди. Эрта тонг "Олтинкон" қишлоқ врачлик пунктига жаҳон андозалари даражасидаги энг замонавий аппаратлар билан жиҳозланган "ISUZU" автобусидаги "Мобиль поликлиника" етиб борди. Гарчанд, у офтальмология, яъни кўз касалликлари диагностикаси ва даволаши учун ихтисослаштирилган бўлса-да, ёнма-ён хизмат кўрсатиш учун вилоятнинг энг малакали кардиолог, терапевт, акушер-гинеколог, педиатр, лор, эндокринолог, пульмонолог врачлари ҳамда УЗИ ва ЭКГ мутахассислари ҳам шу ерда ҳозир бўлишди.

"Мобиль поликлиника" жамоа­си аҳолининг барча қатламларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш учун астойдил киришишди. Вилоят марказию, Попгача масофа қанчалик олис бўлмасин "Мобиль поликлиника"чилар 4000 нафардан зиёд аҳолига тиббий хизмат кўрсатаётган қишлоқ врачлик пункти шифокорларию, ҳамширалари билан бир вақтнинг ўзида иш бошлашгани ғоят қувонарли эди.

Саломатлик энг бебаҳо неъмат эканлигини англаган Чодакбоши, Юқори Чодакбоши маҳалла фуқаролари йиғинларидаги кексаю ёшлар, хотин-қизлару 29, 71-умумтаълим мактаби ўқувчилари поликлиника атрофида тобора гавжумлашишди. Улар лаборатория таҳлилларию, антропометрик ўлчовларидан ўтишиб, шифокор-мутахассислар кўригига ошиқишди. Туғруқ ёшидаги аёллар, ҳомиладорлар ва хотин-қизлар учун вилоят перенатал марказидан юборилган мутахассис акушер-гинеколог Гўзалхон Жўраева ҳамда Поп тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли КТМП акушер-гинекологи Дилбархон Зокироваларнинг биргаликдаги кўриги айни муддао бўлди.

- Янги меҳмон кутяпмиз, - дейди Ширмонгул Ғаниева. - Марказ мутахассисларининг кўригига боришим керак эди. Уларнинг ўзлари қишлоғимизга келишганидан жуда-жуда хурсанд бўлдим. Қолаверса, ўзим ва ҳомилам - иккимизнинг ҳам ҳолатимиз яхшилигидан кўнглим анча хотиржам тортди.

- Гўё мўъжиза рўй бераётгандек, - дейди ҳайратларини яширолмаган отахон Абдумалик Жуманов. - Қарангга, "Мобиль поликлиника"да чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтаман деб ҳеч ўйламагандим. Икки асрнинг тиббий хизматидан баҳрамандликка мушарррафланган бўлсам-да, ҳали бунақасини кўрмаган эдим. Айниқса кўзимдаги ўзгаришларни врач ўғлим сўрамасдан аппаратига бошимни солдию, билдия... Тасаннолар бўлсин, уларни бизнинг олис қишлоғимизга юборган ташкилочиларга.

- Ўзимни худди пойтахт клиникаларида текширувдан ўтаётгандек, ҳис қилдим, - дейди уй бекаси Садоқат Аминова. - "Мобиль поликлиника" жуда ҳам қулай экан. Озода, шинам, асбоб-ускуналари кўплигини айт­майсизми. Бир зумда ҳаммасини аниқлаб, муолажалар буюришяпти-я!..

- Анчадан буён кўзим оғриётган эди, - дейди Майрамхон Алиева. - "Мобиль поликлиника"да турли аппаратларга туширишгач, даволанишим зарурлигини аниқлашиб, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига йўлланма беришди.

Чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан сўнг ҳасталиклари бор беморларга даволаш - профилактика муассасаларида саломатликларини тиклаши учун йўлланмалар ёзилиб, доимий назоратга олиш чоралари ҳам кўриляпти.

- "Саломатлик-3" лойиҳаси асосида энг такомиллашган офтальмологик тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозланган "ISUZU" автобуси имкониятини янада кенгайтириб, уни қўшимча УТТ ва бошқа асбоб-ускуналар билан тўлдириб, аҳолига кўчма тиббий хизмат кўрсатадиган "Мобиль поликлиника" даражасига етказдик, - дейди ВКТТМ бош шифокори Зафар Холов.

- Энг муҳими, олис манзилдаги чуқурлаштирилган тиббий кўрик бир кунлик тадбир эмас, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров. - Шифокорлар беш кун уларнинг хизматида бўлишиб, ҳеч бир кишининг меҳр-эътибордан четда туришига имкон қолдиришмайди.

Ҳушхабар ҳудуднинг ҳамма хонадонларига етганини, одамлар навбатма-навбат саломатликларини юқори малакали мутахассислар назоратидан ўтказиб олиш учун қишлоқ врачлик пункти ва "Мобиль поликлиника" томон шошилаётганини кўриб, истиқлол ислоҳотлари шарофатидан яна бир бор ўзимиз ҳам ҳайратга тушдик. Ахир бундай хайрли ишлар Президентимизнинг юксак талаб ва зарур кўрсатмалари амалда қандай бажарилаётганининг ёрқин намунаси эмасми?!

Манзура ЭРГАШЕВА.