Мамлакатимизда нодавлат тиббиёт муассаcалари равнақ топиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 декабрдаги "Хусусий тиббиёт ташкилотларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитларни яратиш тўғрисида"ги қарори ижроси боис мазкур сектор ҳам илдам тараққий этиб боряпти. Бинобарин, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат даражаси юксалтирилибгина қолмасдан фаолият самарадорлигини ошириш билан боғлиқ ташаббуслар ўртага ташланмоқда.
"DILBAROY MALHAM SHIFO SERVIS" хусусий шифохонаси жамоасининг бу борадаги изланишлари таҳсинга лойиқ. Даволаш-диагностика ишларини давр талаблари асосида ташкил қилиб, янги тиббий техника ва технологияларни фаолиятга дадил татбиқ этаётган жамоа ташаббуси билан яқинда гематологиянинг долзарб муаммоларига бағишланган минтақавий анжуман ўтказилганлиги эътиборга моликдир. Унда мамлакатимизнинг таниқли олимлари ва хорижлик мутахассислар илмий маърузалар билан чиқдилар.
Тошкент врачлар малакасини ошириш институти гематология кафедраси мудири, тиббиёт фанлари номзоди Элдор Исҳақов "Камқонлик синдромини дифференциал диагностикаси ва даволаш", Ҳиндистоннинг "ARTEMIS HOSPITALS" клиникаси гематологи Паван Кумар Сингх "Беморларда суяк кўмиги трансплантациясини амалга ошириш", "DILBAROY MALHAM SHIFO SERVIS" хусусий шифохонаси врач-лаборанти Мирзаикром Юсупов "Гематологик касалликлар лаборатор тадқиқотлари усуллари ҳақида" маъруза ўқидилар.
Анжуман давомида қатнашчилар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоблар олдилар.