Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси ва мамлакатда лабораториялар тармоғини яратаётган "Swisslab" Ўзбекистон-Швейцария қўшма корхонаси томонидан Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ушбу меморандум Тошкент шаҳри ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларида халқаро стан­дарт­ларга мувофиқ келувчи Лаборатория-диагностика марказларини яратиш орқали Ўзбекистонда юқори технологик тиббий ва диагностик ёрдамни ривожлантириш мақсадларида имзоланган.

Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси раиси Равшан Изамов ҳамда "Swisslab" ҚК бош директори Наталья Дудкова томонидан имзоланган меморандум томонлар розилигига кўра муддатни узайтириш имкони билан беш йилга мўлжалланган. Швейцария томон биринчи босқичнинг ўзида 12 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритади.

Дудкованинг сўзларига кўра, "Swisslab" имкон қадар қисқа муддатда (2 соатдан бошлаб) таҳлилларнинг асосий турларини ўтказувчи ва ўзфаолиятини шаффоф муҳитда амалга оширувчи биринчи инновацион лабораториялар тармоғи бўлади. Очиқ лабораторияда бемор биоматериал олинган вақтдан то таҳлиллар жавобини олгунига қадар тад­қиқотларнинг бажаралишини бевосита кузатиши имконига эга бўлади. Айни дамда пойтахтда мазкур хизматлар кўрсата бошланган.

Биринчи босқичда бу хизматлар бутун Тошкент шаҳри бўйлаб кўрсатилади, бу ерда биоматериал олиш учун 15 пункт ва лаборатория фаолият юритади. Кейинроқ хизматлар кўлами вилоятлар бўйлаб кенгайтирилади.

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ўз бўлимларига эга Миллий палата бунда хорижий компанияга кўмак беришни режалаштирмоқда. Шу тариқа бутун мамлакат бўйлаб илғор халқаро тажрибалар ва стандартлар даражасидаги таҳлилларни ўтказиш имкони пайдо бўлади. Лаборатория тадқиқотларининг халқаро сифат тизими туфайли мазкур натижалар бутун дунёда тан олинади.

Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси раиси Равшан Изамовнинг фикрича: "Бундай даражадаги лабораториялар "референслабораториялар"га мансуб бўлиб, уларнинг фаолияти барча хал­қаро стандартларга тўғри келади. Бу жуда аниқ сифат назорати, махсус реагент ва бош­қалар, яъни ҳар бир босқичда тегишли сифат даражаси. Бундай лаборатория яратишнинг ўзиёқ анча мураккаб жараён, бунда барчаси муҳим - иншоотни жиҳозлаш, ускуналарни тўғри танлашдан тортиб то зарур реагентларни тегишли методикалар бўйича қўллашгача. Шу тариқа Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш тизими фаолиятига халқаро стандартлар киритилади, бу эса Миллий палатанинг асосий вазифаларидан биридир".

Дилором МАМАТХАНОВА,

Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси ҳудудий бўлинмаси мутахассиси.