Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашининг навбатдаги ўттиз бешинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, вилоят ҳокимининг соҳалар бўйича ўринбосарлари, тегишли вилоят, шаҳар ва туман ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан вилоятдаги шаҳар ва туманлар соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ишлар ўрганилди. Ўрганишлар якуни ушбу сессия муҳокамасига қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Элмира Боситхонова "Наманган вилоятида аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг ҳолати, унинг сифат ва самарадорлигини ошириш бўйича истиқболдаги вазифалар ҳақида" сўзга чиқиб, соҳа ривожи йўлида амалга оширилган хайр­ли ишларни таъкидлаб, аниқланган камчиликларни ўртага ташлади, ечимлари бўйича таклифларини билдирди.

Масала муҳокамасида Чуст туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Насиба Бозорова, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачи Абдумалик Раҳмонов, Норин тумани ва Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари Абдували Мавлонов, Тоҳиржон Бойдадаев, вилоят Кенгаши ижтимоий-маданий ривожланиш доимий комиссияси раиси Баҳриддин Маҳмудов ва бошқалар қатнашдилар.

Видеоселектор тарзидаги сессия ишида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов сессия иштирокчилари бўлган фаоллар, айниқса депутатларга, Наманган шаҳар ва туманлар студияларидаги ҳокимларга мурожаат қилиб, соҳани ривожлантиришга оид уларнинг таклиф ва мулоҳазалари билан қизиқди ва бу борадаги долзарб вазифаларни шарҳлаб берди.

Вилоят Кенгаши депутатлари кўрилган масала бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасини тасдиқлаб, тегишли қарор қабул қилдилар.

Сессияда вилоят жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича ҳамда иқтисодий ва маъмурий судлари раисларининг 2018 йил давомида одил судловни амалга ошириш борасида олиб борган ишлари ҳақида ахборотлари эшитилди. Бу ҳақида жиноят ишлари бў­йича вилоят суди раиси Давлатмирза Комилов ва бошқалар сўзга чиқдилар.

Халқ депутатлари юқоридаги масала бўйича ва вилоят Кенгаши томонидан сессиялар оралиғида қабул қилинган қарорларни бир овоздан тасдиқладилар.