Наманган вилоятининг ижтимоий нуфузи тобора ортиб бормоқда. Буни вилоят делегациясининг Россиянинг бир қатор вилоятларидаги ташрифларидан, ташриф чоғида эришилган муваффақиятлардан ҳам билиш мумкин.
Наманган вилояти делегациясининг бу галги сафарига вилоят ҳокимининг ўринбосари Пахриддин Маткаримов бошчилик қилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Олий Мажлис Сенати аъзоси Солижон Мўминов ҳам шу таркибда эди. Бу бежиз эмас, албатта. Ўзбекистон ва Россия давлатлари раҳбарларининг юксак даражадаги учрашувлари боис, ҳудудлараро дўстлик, ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди ва мустаҳкамланмоқда.
Наманган вилояти делегацияси биродарлашган вилоятлар - Екатеринбург, Челябинскда бўлди. Соғлиқни сақлаш соҳасида бир қатор келишувларга эришилди. Екатеринбург онкология шифохонаси, болалар кўп тармоқли шифохонаси билан ҳар томонлама ҳамкорлик қилинадиган бўлди. Болаларда гематалогия ва онкология касалликларининг олдини олиш, бу соҳа мутахассислари малакасини ошириш, биргаликда жарроҳлик амалиётларини ўтказиш шулар жумласидандир.
Челябинск вилояти кордиология ва юрак-қон томир жарроҳлик маркази билан келишувга эришилгани вилоятимиз учун катта ютуқдир. Эндиликда улар бу ерда мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказадилар.
Наманганлик шифокорлар эса Челябинскда амалиёт билан шуғулланадилар. Жанубий Урал давлат тиббиёт университети, Челябинск кўп тармоқли болалар шифохоналари билан келишувлар имзоланди. Бу аҳдномаларга кўра наманганлик шифокорлар малака ошириш амалиётига жўнаб кетдилар.
- Делегациямиз ишининг самарали бўлгани учун вилоят соғлиқни сақлаш вазири Приколотин Сергей Игорьевичга, университет ректори, тиббиёт фанлари доктори Вольчегорский Илья Антольвичга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз, - дейди Солижон Мўминов.
Санжарбек ҲАМИДОВ.