Давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик доираси тобора кенгайиб бормоқда. Бу, эндиликда тиббиёт соҳасида ҳам яққол намоён бўлаётир. Наманганда рўёбга чиқарилиши мўлжалланаётган истиқболли лойиҳа ҳам фикримиз далилидир.
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси раиси ўринбосари Отабек Аминов, Палатанинг Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси директори Ирода Мусаева ҳамда "Dream Мedical Foundation" президенти Парк Йонхван, "Gold Dream" МЧЖ раҳбари Иброҳим Эргашевлар ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Унда Жанубий Корея томонидан мазкур лойиҳага 80 миллион АҚШ доллар миқдорида сармоя киритилиши режалаштирилганлиги, "Gold Dream" раҳбари Иброҳим Эргашев билан келишув шартномасига асосан бу инвестиция Наманган вилоятида илк тиббий кластер учун йўналтирилаётганлиги мамнуният билан айтиб ўтилди. Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатасининг манфаатли келишувидан асосий мақсад жаҳон андозаларига жавоб берадиган йирик фармацевтика заводи қуриш, тиббиёт йўналишидаги ўқув-илмий ҳамкорлик ва клиника ташкил қилишдан иборат эканлиги таъкидланди.
Миллий палата раиси ўринбосари Отабек Аминовнинг фикрича, ушбу лойиҳа асосида чет эл инвесторларини жалб этиш орқали жаҳон андозасига мос даволаш стандартларини ишлаб чиқиш имконияти яратилади. Наманганда ташкил этиладиган ушбу йирик мажмуа чет эллик ва бизнинг мутахассисларимиз ўртасида ўзаро тажриба алмашишига кенг йўл очади. Мазкур лойиҳа асосида Жанубий Кореянинг ЧОННАМ университетида ўзбекистонлик кадрларни қайта тайёрлаш ва амалиёт ўташи учун қулай шароит юзага келади. Бу эса шифокорларимизни халқаро андозаларга жавоб берадиган малакали мутахассис даражасига етишларида муҳим аҳамият касб этади.
Мулоқот давомида томонлар ўртасида Миллий палата олдига қўйилган вазифаларни, жумладан, Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш стратегиясини, илғор халқаро стандартлар ва жаҳондаги энг яхши амалиётни ҳисобга олган ҳолда, соғлиқни сақлашни ривожлантиришнинг янги моделини ишлаб чиқиш, замонавий диагностика ва даволаш сифатига оид стандартларни яратиш борасида ҳам ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Лочинбек БЎРИЕВ,
Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси
ҳудудий бўлинмаси директори ўринбосари.