Ҳиндистондаги машҳур "Артемис" госпиталининг гастроэнтерология ва эндоскопия бўйича бош консультанти, профессор Манзур Аҳмад Мир Тошкент тиббиёт академияси таклифига кўра республикамиз даволаш-профилактика муассасаларига маъруза ва суҳбатлар ўтказиш учун чиққан эди. Яқинда у Намангандаги 1-шаҳар шифохонаси гастроэнтерология бўлимида даволанаётган беморлар билан учрашди.

Хорижлик мутахассис беморлар саломатлигини кўздан кечириб, керакли маслаҳатлар берди. Мутахассисларни ўз даволаш услублари билан таништирди. Айрим ҳолатларда ташхис қўйиш ва даво усулларини белгилаш бўйича тажрибалари билан ўртоқлашди. Касалликларнинг келиб чиқиш сабаблари, профилактикаси бўйича қилиниши лозим ишлар, замонавий асбоб-ускуналардан тўлақонли фойдаланиш зарурлиги бўйича кўрсатмалар берди.

Шифокорлар билан ўтказилган "Маҳорат дарси " барчада қизиқиш уйғотди. Ўзаро суҳбат ва савол-жавоблар чоғида маҳаллий тиббиёт ходимлари билим ва касбий кўникмаларини оширишга муваффақ бўлдилар.

Доктор Манзур Аҳмад Мир вилоятимизда фаолият юритаётган бир қатор хусусий шифохоналар иши билан ҳам танишди.

М. АКМАЛОВ.