Туманимиз ҳудудида 11 та тиббий-санитария муассасаси мавжуд. Улар туман аҳолисига етарли даражада тиббий хизмат кўрсатмоқда.

Ташкил этилган патронаж ойлиги давомида 12 341 нафар фуқаро бирма-бир тиббий- кўрикдан ўтказилди. Уларнинг 282 нафари ногиронлардир. Ўрганиш мобайнида 244 та муаммоси бор беморлар аниқланиб, уларнинг 242 таси бартараф этилди. 68 нафар сурункали хасталиклари мавжуд фуқаролар ва 116 нафар нафақахўрлар ҳолати тиббиёт ходимлари томонидан ўз уйларида кўздан кечирилди. Шунингдек, 3215 нафар фуқаро ҳолати ЭКГ, 4912 нафарида ультратовуш ташхиси ўтказилди. 2016 нафар тиббий кўрикдан ўтказилганларнинг 16 фоизида турли хасталиклар мавжудлиги аниқланди ва 1684 нафари амбулатор даволанишга, 22 нафари вилоят даволаш-профилактика муассаларига ва 1 нафари республика ихтисослаштирилган марказга тегишли даражада муолажа олиш учун юборилди.

12 нафар фуқарога ногиронлик аравачаси, 11 нафарига қўлтиқтаёқ, 15 нафар эҳтиёжманд фуқарога эшитиш мосламаси бердик. Ногиронлик даражасини аниқлаш мақсадида 50 нафар фуқаро ҳужжатлари ўрганиб чиқилиб, ҳозирча 5 нафарига ногиронлик гуруҳи тайин қилинди.

Республика соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тиббий хизмат кўрсатиш даражасини янада яхшилаш мақсадида 11 та компьютер ажратилди. Ҳозирда уларнинг ҳаммаси кўп тармоқли марказий поликлиника бўлимларига ўрнатилди ва интернет тармоғига уланиб, "Электрон поликлиника" тизими жорий этилди ва бу билан аҳолининг поликлиника хизматидан фойдаланиш даражаси яхшиланмоқда.

Яқинда Тошкент шаҳридаги республика ихтисослаштирилган кардиология маркази мутахассислари, кардиологлар Сардор Халиқулов ва Сухроб Турсуновлар ҳамда Тошкент Тиббиёт Академияси 3-клиника мутахассиси Азизбек Исомов, Республика Олий Мажлиси депутати Наргиза Халиловалар ўтказилаётган тиббий-кўрикларни кўздан кечиришди. Фуқаролар билан тиббий маданиятни яхшилаш, касалликлар профилактикаси, мамлакатимизда тиббий тизимни ривожлантириш мақсадида олиб борилаётган ишлар тўғрисида суҳбатлашдилар.

Баҳриддин СИДДИҚОВ,

Наманган тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи.