У вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази неврология-нейросоматика бўлими

мудираси Гулнора Қирғизбоевадир.

Ўтган йил ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси "Тиббиёт ходимлари куни"да Гулнора Мансуровнанинг ҳаётида унутилмас саҳифа очилди, десак асло муболаға эмас. Ахир у Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мамлакатимиз пойтахти Тошкентга таклиф этилди. Муҳташам "Туркистон" саройида ташкилланган илғор шифокорларни шарафлаш анжуманида қатнашди. Шахсан вазир - Алишер Шодмоновнинг қўлидан эътироф мукофотини олди. "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишонини тақиб Наманганга қайтди. Ўша лаҳзаларда Гулнора шифокорлик касбини танлаб, эл саломатлиги посбонлиги вазифасини кеча-кундуз сидқидилдан ўтаб, обрў-эътибор топганлигидан ғоят фахрланди. Зеро, у бундай мақому мартабага осонгина эришаётган эмас.

Оқтом қишлоғидаги 18-мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ шифокорлар сафидан ўрин олиш иштиёқи уйғонган эди. Отаси - Мансурали Қирғизбоев ҳам, онаси Сорахон Ўринбоева ҳам ўқитувчи бўлганликлари учун қизларининг қизиқишларини ўз вақтида қўллаб-қувватлашди. Мактабни аъло баҳоларга тугатган Гулнора 1988 йили Андижон Давлат тиббиёт институти талабалари қаторига қўшилиш учун кириш имтиҳонларидан юқори натижани қўлга кирита олди. Ота-онаси олдида юзи ёруғ бўлди. Кейин эса роса олти йил тиббиёт билимдонларидан сабоқ олди.

У 1994 йили вилоят шифохонасининг асаб касалликлари бўлимида интернатурани ўтади. Келаси йилдан Наманган шаҳридаги 3-катталар поликлиникаси жамоасига қўшилди. Тўққиз йиллик тажрибага эга неврологга 2004 йил "22-автоколонна" очиқ акциядорлик жамиятининг соғ­ломлаштириш маркази бош врачлиги вазифасини ишониб топширишди. Унинг астойдил саъй-ҳаракатлари билан мазкур марказ фаолияти тобора яхшиланиб борди.

Тиббиётдаги янгиликларни ҳамиша ўқиб-ўрганувчи, беморларни даволаб, уларнинг ҳалоскорига айланишдан бир олам завқ туйишга одатланган Гулнорани марказда ишлаш қаноатлантирмади. У 2006 йили яна қадрдон поликлиникасига ишга қабул қилинди. Икки йилдан ке­йин эса юқори малакали врачни вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига чорлашди. Мана ўн бир йилдирки, касбий камолотга эришиб, неча-неча беморларни дард­лардан фориғ этиб келмоқда. 2016 йилдан эса бўлим мудири сифатида кичик жамоанинг катта ютуқларга эришиши йўлида ҳар доим ўзи шахсий ўрнак кўрсатаётир. 2016 йили "Йилнинг энг яхши бўлими" номига сазовор бўлишган бўлса, 2017 йили Гулнора Қирғизбоева "Йилнинг энг намунали врачи" дея эътироф этилди.

- Мен бугун беморларни даволашдаги барча муваффақиятларим учун ўзларининг билим ва тажрибаларини беминнат ўргатган пойтахтдаги устозларим - тиббиёт фанлари докторлари, профессорлар Бахтиёр Ға­фу­ров ва Ёқутхон Мажидовалардан, шунингдек, қимматли маслаҳатларини бериб, юқори малакали тиббий муолажа сирларини ўргатган мураббийларим - Орифжон Аҳмедов ва ҳаётларининг сўнгги дақиқасигача ёнларида олиб юрган ҳамкасбим Насиба Саримсоқовалардан бир умрга миннатдорман.

Менинг ишонган тоғим аҳил жамоамдир. Улар бор экан, ҳали қанчадан-қанча нажотталабларни даволаб, умрларига умр қўшаверамиз.

Биз бўлимга кирганимизда бу ердаги покизалигу, ходимларнинг хушмуомаласини эшитиб, кўнгилларимиз беихтиёр равшан тортди.

Палаталар олдидан у ёқ-бу ёққа ўтаётганларни ходимлар малол келмайдиган тарзда секингина тартибга чақиришаётгани қулоғимизга чалинди:

- Врачимиз касал кўряптилар, овозларингни кўтар­манглар, хаёллари бўлинмасин!..

Бундан англадикки, бемор ёнидаги врачга ҳалақит беришга йўл қўйилмаётган экан, бўлимда даволанаётганларнинг манфаатлари ҳамиша устувор саналади.

- Гулнора Мансуровнадан ҳар жиҳатдан ибрат олсак арзийди, - дейди мамнуният билан катта ҳамшира Замира Сайфиддинова. - Ширинсўз, кичиккўнгил, меҳрибон. Барчамизни ўз қанотлари остига олганлар. Ҳар вақт жамоам деб жон куйдирадилар. Тинмай ўқиб-ўрганадилар, бизларни ҳам тиббий янгиликлардан бохабар этиб турадилар. Ҳатто оиламизда бирор муаммога дуч келсак, ёрдам сўрасак, рад этиш одатлари йўқ. Қўлларидан келган кўмакларини сира аямайдилар. Беморларни эринмай эшитадилар, аниқ ташхис қўймагунча кўнгилари тинчимайди.

- Устозим билан ишлаш ҳам осон, ҳам қийин, - дейди невролог-врач Хуршидахон Шарипова. - Осонлиги ўз сингилларидай суюб, билганларини ўргатадилар, фойдали маслаҳатларини ҳеч аямайдилар. Қийинлиги, доимо қатъий тартиб-интизомни талаб қиладилар, беморлар ўртасида заррача эътироз туғилишини истамайдилар. Бу бўлимдан ҳеч ким ҳеч вақт норози бўлиб кетиши мумкин эмаслигини уқтирганлари уқтирган.

Юқоридаги таъкидлардан сўнг бўлимдаги "Беморлар дафтари"га кўз югуртирдик. Бошдан оёқ ташаккурномалар, миннатдорчиликлар, ҳатто шеърий мадҳияларгача битилибди. Анор Исмоилова, Файзулла Абдупаттаев, Лайло Акбарова, Насиба Ҳожиматова, Буробия Холматова, Баҳодир Турдиалиев, Ҳовахон Муллахўжаева каби ўнлаб беморлар икки врачга беҳад миннатдорчилик изҳорлашган. Мухтасархон Шокирова, Нигорахон Нуриддинова, Мадина Юсупова, Кимёхон Ғафурова ва Муҳайёхон Холматова каби ҳамшираларнинг хизматларига тахсинлар айтишган.

Дарҳақиқат, "Элга хизмат-олий ҳиммат"дир. Ҳиммат ортидан эса олқишу раҳматлар ёғилиши табиий. Соғ­лиқни сақлаш аълочиси Гулнора Қирғизбоева шу номга жуда-жуда муносиб эканлигига бизнинг иқрорлигимиз янада ортди.

Содиқ САЙҲУН.