Тиббиёт бирлашмамиз ишини тобора давр талаблари даражасига кўтариш учун хотин-қизлар ташкилоти ҳам фаоллик кўрсатмоқда. Бу, айниқса, соҳа ходимлари билим ва малакасини ошириш борасидаги оммавий тадбирларни тез-тез ўтказилишида намоён бўлмоқда.
Исвахон аҳоли маданият ва дам олиш масканида уюштирилган "Балли, дугонажонлар!" кўрик-танловида 26, 27, 28, 29, 30-оилавий поликлиникаларнинг "Наво", "Малҳам", "Меҳригиё", "Баркамол" ва "Заковат" гуруҳлари қатнашди. Улар бешта шарт бўйича баҳслашишди.
Дастлабки таништирувда "Наво" гуруҳидан Лайло Мирзаолимова танбур, Равза Турсунова чилдирма, Моҳинисо Хайитова рубоб билан даврага чиқишди. Иккинчи - "Ақл чархи" шартида "Малҳам" қатнашчиси Гулҳаё Ҳайдаралиева шоир Содиқ Сайҳун ижодидан намуналарни маҳорат билан ифодали ўқиб берди. "Заковат"чилар ёш ватан ҳимоячилари билан Ўзбекистонимиз байроғини ҳилпиратиб кириб келишганида барчанинг кўнглида шу ватан фарзанди эканлигидан фахру ғурур жўш урди. "Уйга топшириқ" шартида "Наво" гуруҳидан Саодат Турдиалиеванинг яратган Лўли образи тиббиёт ходимида актёрлик қобиляти ҳам чакки эмаслигидан далолат берди.
Қизғин баҳслардан сўнг 27-ҚОПнинг "Малҳам" гуруҳи ғолиб деб топилди. Тадбир иштирокчилари тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма ташкилотларининг Фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Фароғат АБДУЛЛАЕВА,
Тўрақўрғон туман тиббиёт бирлашмаси хотин-қизлар қўмитаси раиси.