Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тарқатган маълумотларга қараганда ҳозирги кунда ер юзида гиёҳвандлик касалига чалинганларнинг сони 200 миллион кишидан ошиб кетди. Уларнинг 80 фоизи 20 ёшдан 35 ёшгача бўлган кишилардир. Энг ачинарлиси, сўнгги ўн йилликларда бу дардга мубталолар орасида хатто 12-15 ёшли ўсмирлар учрамоқда. Бунинг сабаби аниқ. Айнан шу ёшдаги ўсмирларда барча янги нарсаларни ўзида синаб кўриш истаги кучаяди. Улар ўта ишонувчан, ўзгалар таъсирига тез берилувчан бўлишади. Бундан гиёҳванд моддалар билан савдо қилувчилар усталик билан фойдаланишади. Биринчи марта гиёҳванд моддани истеъмол қилиш ёшлар учун қизиқарли туюлади. Кейин такрор равишда бу ишга қўл уришади. Шундай қилиб, улар аста-секин гиёҳванд моддаларсиз тура олмайдиган бўлиб қолишади. Оқибатда улар руҳиятида жиддий ўзгаришлар содир бўлади, яъни кўриш, эшитиш хусусиятлари аста секин сусаяди. Бундан ташқари юрак-қон томирлари хасталанади. Жигар хужайралари шикастлана бошлайди. Уйқусизлик, ҳолсизланиш, иштаҳа йўқолиши, томирлари бўртиши ва яна бутун танасининг қақшаб оғриши кузатилади. Ана шундай пайтда яна ўша оғуни олиш учун улар ҳар қандай жиноятга қўл урадилар.
Инсоният бу иллатга қарши доимо курашиб келган ва курашиб келмоқда. Мамлакатимизда тиббий профилактика, тарғиботига, гиёҳванд моддаларнинг яширин савдосига бутунлай чек қўйиш, бу билан шуғулланаётган шахсларни қонун олдида жавобгарликка тортиш ишларига доимий ва кучли эътибор қаратилган. Касалликка чалинганларни соғломлаштириш мақсадида вилоят наркология диспансерида, туманлардаги поликлиникаларда нарколог-шифокорларимиз мунтазам фаолият олиб боришяпти.
Бир донишманд "Лоқайд дўстдан ақлли душман афзал" деган экан. Лоқайдлик натижасида қанчадан-қанча бало-офатлар келиб чиқиши мумкин. Инсон ҳаёти - энг олий неъмат. Шундай экан, гиёҳвандликка ҳеч ким ҳеч қачон яқин юрмасин!
Файзулло ДАДАБОЕВ,
вилоят наркология диспансери бош врачи.