Фавқулодда вазиятларда туман тиббий хизмати ходимларининг тўғри ҳаракатланиши, қидирув-қутқарув ишларини бошқариш ва олиб бориш, назарий билимлар синови, уларда амалий кўникмалар ҳосил қилиш, фавқулодда вазиятлар шароитларида тиббий муассасаларнинг барқарор фаолият кўрсатишига шайлиги амалда кўрсатилди.
Туман қишлоқ хўжалиги ва мелиорация касб-ҳунар коллежи ўйингоҳида ташкилланган тактик ўқув-машқи табиий турдаги фавқулодда ҳолатлар натижасида кўп сонли жароҳатланганларнинг оммавий келиб тушиши ҳолларида биринчи тиббий ёрдам бригадаларининг дала шароитида иш фаолиятини ташкил қилишга бағишланди. Шунингдек, дала шароитидаги шифохонада тиббиёт ходимларининг малакалари ҳам синовдан ўтказилди.
Тумандаги 13-сонли давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати, 45-сонли мактабгача таълим муассасаси, маиший хизмат касб-ҳунар коллежларида ҳам фуқаро муҳофазаси куни ғоят уюшқоқлик билан ташкилланди.
- Ўқув машқларининг муваффақиятини таъминлаш учун барча куч ва имкониятларни ишга солдик, - дейди бошқарма махсус бўлими ФМТХ бош мутахассиси О. Жўрабоев. - Бундай тадбирлар аҳолининг ҳушёрлигини оширади, хавфсизлик учун мутасадди ташкилотлар жамоаси масъулиятини кучайтиради. Қаердаким, тайёргарлик пухта бўлса фавқулодда ҳодисалар чоғида ғафлатда қолинмайди. Аҳолининг саломатлиги ўз вақтида муҳофаза қилинишига эришилади.
Манзура ЭРГАШЕВА.