Аҳолини патронаж ёрдами билан тўлиқ қамраб олишда патронаж ҳамшира фаолияти муҳим ўрин тутади. Ҳозирги кунда вилоятимизда уч минг олти юз нафардан зиёд ана шундай ўрта бўғин тиббиёт мутахассислари хонадонма-хонадон юриб хизмат вазифаларни адо этмоқдалар.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан патронаж ҳамширалари фаолиятини такомиллаштириш, билим ва тажрибасини ошириш, илғор тажрибаларни улар ўртасида кенг оммалаштириш мақсадида ўқув режаси ишлаб чиқилди. Уни изчил бажарилиши таъминланмоқда. Яъни, дастлабки анжуманга Наманган шаҳридаги 730 нафар саломатлик посбони жалб этилди.
Шаҳар тиббиёт бирлашмаси катта мажлислар залида кечган тадбирда бошқарма бош ҳамшираси Райҳона Мансурованинг "Патронаж ҳамширанинг асосий фаолият йўналишлари" ҳамда "Патронаж ҳамширанинг хонадонда амалга оширадиган ҳаракатлар алгаритми" мавзуларидаги маърузалари тингланди.
Анжуманда таъкидланганидек, юртимизда патронаж хизматини ривожлантиришдан кўзланган мақсад - халқимиз саломатлигини муҳофазалашга йўналтирилган эзгу ишлар кўламини тобора кенгайтириш, тиббий-профилактика тадбирларини янада такомиллаштириш, фертил ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар, болалар, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган шахслар, ёлғиз кексалар, ногиронлар, сурункали касаллиги бор, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган беморлар ҳолидан хабар олиш ва уларга тиббий-санитария ёрдами кўрсатишни янги босқичга кўтаришдан иборатдир.
Шунингдек, патронаж даврида уйларга қатновларни амалга ошириш билан бирга мазкур хонадонларнинг тиббий-ижтимоий ҳолатини ўрганиш, аҳоли саломатлигига таҳдид солувчи касалликларни келтириб чиқарувчи омилларни, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф қилиш бўйича вазифалар ҳам белгилаб берилди. Суҳбатлар чоғида эса кўпчилик ўзини қизиқтираётган саволларга жавоблар олди.
Бундай ўқув семинарлари Наманган, Поп, Мингбулоқ ва Норин туманларида ҳам ўтказилди.