фаолият натижадорлигини таъминлашнинг муҳим омили

Уйчи туманида  аҳолига кўрсатилаётган патронаж хизматини янада такомиллаштириш масалаларига бағишланган анжуман ўтказилди.

Уйчи шаҳарчасидаги мусиқа ва санъат мактаби залида бўлиб ўтган   бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари тизимида хизмат қилаётган патронаж ҳамширалари вилоят анжумани ана шу мақсадда ташкилланди. Тадбир аввалида сўзга чиққан Уйчи тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Насиба Расулова, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминовлар муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар тиббиётнинг барча  йўналишларида ижобий самаралар бераётганлигини мамнуният билан таъкидлар эканлар,  аҳолининг тиббий хизматдан розилигига эришиш учун хали кўп ишлар қилиниши,  мавжуд муаммоларга ижобий ечим топиш учун эса патронаж хизмати даражасини ҳам юқори босқичга кўтариш зарурлигига эътиборни қаратдилар.

Бошқарма бошлиғи ғоят масъулиятли вазифани аъло даражада уддалаб, эл олқишига сазовор бўлаётган бир гуруҳ фаол патронаж ҳамшираларига фахрий ёрлиқлар ва  қимматбаҳо эсдалик  совғаларини тантанали равишда топширди.

Шундан кейин уйчилик патронаж ҳамширалари иштирокида намунавий кўрик-танлов ўтказилди. Унда туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси, 31, 32, 33, 37-оилавий поликлиникалар ва "Ёрқўрғон" қишлоқ врачлик пункти  вакиллари Муҳайё Қўчқорова, Гулбаҳор Йўлдошева, Маъмура Боймирзаева, Дилноза Муҳиддинова, Ирода Қосимова, Умида  Сотволдиева, Нилуфар Азизалиевалар ўз тажриба, билим ва маҳоратларини намойиш этишди.

Ташриф чиқишларида ҳар бир қатнашчи ўзи ҳақида батафсил маълумот берган бўлса, тиббиётга оид билимлар синови ва мураккаб вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш каби саҳнавий кўринишларда патронаж ҳамширалари нималарни билиши ва қандай иш олиб бориши зарурлиги тамошабинлар кўз ўнгида яна бир карра намоён бўлди. Кўрик-танловда ўз қобилияти ва тажрибасини тўлақонли намойиш эта олган барча патронаж ҳамшираларига вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг дипломлари ва эсдалик совғлари топширилди.

- Бундай тадбирлар воситасида патронаж тизими ишини янада такомиллаштиришга, энг муҳими тиббиёт ходимларининг билим ва касбий кўникмасини ўстиришга эришамиз. Ўз ишини пухта билган, зарурий лаёқат ва тушунчага эга бўлган ҳамширалар эса ҳамюртларимизга патронаж хизмати кўрсатишда  ижобий ўзгариш ясай оладилар, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош ҳамшираси Райҳона Мансурова.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал-демократик партияси вилоят кенгаши аппарати раҳбари Иброҳимжон Сатторов  партиянинг тиббиёт соҳасидаги аъзолари сони тобора ортиб бораётганлигини мамнуният билан қайд этди ва Наманган шаҳар ҳамда туманлар тиббиёт бирлашмаларида узоқ йиллар, самарали хизмат қилаётган бош ҳамшираларни тақдирлади.

Абдулла ҒОЗИЕВ.