Мамлакатимиз тиббиёти салоҳиятини юксалтириш сари муҳим қадамлар қўйилмоқда. Бинобарин, Президентимизнинг "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонида қайд этилган устувор вазифалар ижросига астойдил киришилди. Жумладан, соҳадаги янгиланишлар баробарида  хусусий соғлиқни сақлаш тизими, давлат-хусусий шериклигини ва тиббий туризмни ривожлантириш чоралари кўрилмоқда.

Биз вазирлик Давлат-хусусий шерикликни ва тиббий туризм­ни ривожлантириш Бош бошқармасининг Наманган ҳудудий бўлими раҳбари Ҳошимжон Асқаровдан тизимдаги янги ва истиқболли йўналиш ҳисобланган тиббий туризмни ташкил этиш бўйича кўрилаётган тараддуд жараёни ва мазкур хизмат тури самарадорлигига эришиш мақсадида ишлаб чиқилаётган лойиҳалар ҳақидаги  саволларга қуйидаги жавобларни олдик.

- Вилоятимизда ҳам тиббий туризмни ривожлантириш борасида изчил иш олиб борилмоқда. Аввало, биринчи галда амалга оширишимиз зарур бўлган вазифалар бошқарма бошлиғи томонидан имзоланган "Йўл харитаси"да ўз ифодасини топган. Унга кўра бир неча йўналишларда изчил иш олиб боришимиз лозим. Шунинг учун тиббий туризм хизмати ташкил этилиши мумкин бўлган даволаш-профилактика муассасалари саралаб олинди.

Аниқроқ айтадиган бўлсак,  кўп тармоқли тиббиёт маркази, болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, кардиология маркази, перинатал маркази,  тери- таносил касалликлари, сил касалликлари, онкология,  эндокринология диспансерлари,  стоматология поликникаси, юқумли касалликлар, 1-шаҳар шифохоналари, Наманган шаҳар, Уйчи, Учқўр­ғон, Янгиқўрғон, Чортоқ, Поп, Чуст, Косонсой туманлари тиббиёт бирлашмалари, "Чортоқ" болалар сиҳатгоҳи, "Косонсой" фахрийлар санаторийси  ва йирик хусусий тиббиёт ташкилотлари ҳамда  "Шаҳанд", "Чортоқ", "Гулшан", "Ниҳол" сиҳатгоҳлари шулар жумласидандир.

Юртимизга келиб, вилоятимиздаги шифохоналар ва сиҳатгоҳлар хизматидан фойдаланадиган чет элликларга муносиб даражадаги шарт-шароитларни яратиш ғоят муҳим вазифадир.  Шунинг учун ҳам тегишли муассасаларнинг хорижлик меҳмонларни қабул қиладиган бўлимлари имкониятларини бугунги кун талаблари даражасида такомиллаштиришга устувор аҳамият берилмоқда. Уларга кўрсатиладиган тиббий хизматларгина эмас, балки сервис хизматлари ҳам юксак талабларга жавоб берадиган бўлиши керак.

Яна бир муҳим масала - хорижликларда юртимиз тиббий туризими имкониятлари ҳақида тушунча ҳосил қилишдан иборат.  Шунинг учун ҳам тарғибот ишларини кучайтиришимиз лозим. Муассасалар томонидан кўрсатиладиган юқори технологик хизматлар, жарроҳлик амалиётлари, энг малакали  мутахассислар юзасидан ёрқин рангларда буклетлар чиқариш, қисқача видеороликлар яратиш зарур. Уларни ҳозирги кунда вилоятимиздаги тиббиёт муассасаларида даволанаётган чет эллик фуқароларга бепул тар­қатиш орқали тезкор рекламага эришиш мумкин. Шаҳар кўчалари ва йирик савдо мажмуаларида видеороликларни телемониторларга жойлаштириш, муассаса ва  кўчаларга шифохоналарда кўрсатилаётган замонавий тиббий хизматлар ёритилган баннерларни ўрнатиш керак. Оммавий ахборот воситаларида соҳа бў­йича чиқишлар қилиш, газета ва журналлар учун мақолалар тайёрлаш зарур. Буклетларда шифохоналар манзили, мўлжал, телефон рақамлари, электрон манзиллар, валюта ҳисоб рақамлари жойлаштирилиши шарт.

Шу ўринда ахборот-коммуникацион технологиялар имкониятларини ушбу вазифага йўналтириш мақсадга мувофиқдир. Яъни муассасада тиббий туризм соҳасини ривожлантириш юзасидан      веб-сайтлар очиш ёки Fasebook, бошқа ижтимоий тармоқлар орқали барча тиббий хизматлар, айниқса олиб борилаётган замонавий жарроҳлик ва диагностик амалиётлар ҳақидаги маълумотларни жойлаштиришга эришиш даркор.  Чет эл фуқароларига қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида Е-меҳмонхона тизимига уланиш, намунали туристик пакетлар ишлаб чиқиш ва тадбиқ этиш бўйича ҳам тезкор чоралар кўриш кераклигини ҳам унутмаслик керак.

Тиббий туризм фаолиятимиздаги янги ва  ғоят истиқболли соҳадир. Уни шакллантириш, янада ривожлантириш учун етарли кўникма ва тажриба зарур. Шу мақсадда хориж ва республикада тиббий туризм бўйича ўтказиладиган анжуманлар, тақдимотлар, семинар-тренингларда муассаса раҳбарлари, туризм бўйича масъул мутахассисларнинг иштирокини таъминлаш кўзда тутилмоқда.  Тиббиёт ходимларининг чет тилларни чуқур ўрганишларига эришиш ҳам олдимизда турган муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Тиббий туризмни равнақ топтириш борасида бошлаган изчил интилишларимиз тез орада ўзининг ижобий натижаларини беришига шубҳамиз йўқ.

Абдулла ҒОЗИЕВ ёзиб олди.