Тўрақўрғонда яна бир хусусий тиббий муассаса беморларга хизмат қила бошлади

Туман марказидан ўтган Катта Наманган магистрал йўлининг ўнг қирғоғидаги кўпқаватли муҳташам бинода ҳозиргача аҳолига маиший хизматлар кўрсатилар эди. "АРК" деб номланган мазкур бинога ўтган ҳафта яна бир пешлавҳа "Комилаой шифо" битиги илиб қў­йилди. Яъни, янги хусусий муассасанинг тақдимот маросими ўтказилди.

Тантанада туман ҳокимининг ўринбосари Носиржон Тўхтаназаров сўзга чиқиб, мамлакатимизда, шу жумладан, вилоят ва туманларда амалга оширилаётган кенг кўламли ва давомли бунёдкорлик ишларини, уларда фаол тадбиркорлик муҳим роль ўйнаётганини зўр мамнуният билан таъкидлаб ўтди. Бунинг ёрқин мисоли тариқасида тўрақўрғонликлар эришаётган муваффақиятларга барчанинг диққат - эътиборини тортди.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Наманган вилоят Кенгаши раиси Абдулазиз Мўминов эса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 27 июндаги "YOSHLAR - KELAJAGIMIZ" Давлат дастури тўғрисида"ги Фармонининг ижросига тўхталди. У бу борада жамғарманинг туман бўлими томонидан ёш тадбиркорлар ўз вақтида қўллаб-қувватланаётгани, натижада янги иш ўринлари яратилаётгани, йигит-қизларнинг фаоллиги тараққиёт омили эканлиги ҳақида тўлқинланиб гапирди.

Ниҳоят ёш тадбиркор Нафиса Ҳушназарова ўз қувончини қуйидагича ифодалади:

- Президентимиз томонларидан ёшларга беқиёс имкониятлар яратиб қўйилаётгани туфайли мен ҳам тадбиркорликка астойдил бел боғладим. 400 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, яна қўшимча бир неча юз миллион сўм сарфлаб, шу бинони тиббий талабларга мослаштириш учун реконструкция ва таъмирлаш ишларини тезлаштириб юбордим. Қисқа фурсатда барча қулайликларни яратдик. Бугундан сизларга "Комилаой шифо"нинг эшиклари очиқ.

Биз янги муассаса мутасаддиси, олий тоифали нев­ролог-врач Тўлқинжон Икромовни суҳбатга чорладик.

- Тиббий хизмат кўрсатиш йўналишимизни асосан нев­рология, терапия ва кардио­логия бўйича белгилаганмиз, - деди у мўъжаз шифохона билан таништирар экан. - Палаталаримиз 2, 3 ва 4 кишилик. Барча жиҳозлар муҳайё. Лаборатория ва физиотерапия хонасигача бор. Массаж кроватининг энг янги русумдагисини ҳам келтириб ўрнатдик. Оёқни уқалаб, варикозни даволаш муолажаларигача бажаришини айтмайсизми. Энди беморлар узоқларга қатнаб овора бўлишмайди.

- Етти нафар ўрта тиббиёт ходими беморлар хизматига шаймиз, - дейди олий тоифали ҳамшира Лобархон Нажимова. - Хушмуомалалик билан юқори самарали муолажани уйғун ҳолда олиб боришдек эзгу мақсадни ўз олдимизга қўйганмиз.

Эл соғлиги - юрт бойлиги. Шундай экан, тиббиёт тармоғидаги хусусий секторнинг шахобчалари ойма-ой кўпаяётгани мамлакатимиз иқтисодий ислоҳотларини барқарор бардавомлигига ўзининг самарали таъсирини кўрсатаверади. Ёшларимиз Президентимизнинг юксак ишончларига муносиб бўлиш билан кўрсатилаётган ғамхўрликларга муттасил амалий жавоб беришаверади.

Содиқ САЙҲУН.