Қумқўрғоннинг каттаю кичиги якшанба куни эрталабдан то кечга қадар 14-қишлоқ оилавий поликлиникаси томон ошиқишди. Ахир уларни патронаж ҳамширалари чуқурлаштирилган тиббий кўрикка чақириб қўйишган эди-да. Муассасанинг остонасидан ҳатлаган ҳар бир кишининг қўлига ҳамшира - Муҳаббат Иномова билан Нозима Собиржоновалар амбулатор тиббий картасини олиб тутқазмоқда. Сўнгра улар тор доирадаги ихтисослашган мутахассислар қабулига йўлланмоқда.
Залнинг икки томонидаги хоналарга бирма-бир кириб-чиқаётганлар УЗИ текширувидан, хирург, акушер-гинеколог, терапевт, инфекционист, стоматологлар кўригидан ўтишарди.
- Поликлиникамиз жамоаси 14 минг 700 нафардан зиёд аҳолига хизмат кўрсатади, - дейди мудир Абдурашид Азизов. - Аввалги куни ҳудудимиздаги 1-мактаб ўқувчилари соғлигини назоратини якунлаган бўлсак, бугундан чуқурлаштирилган тиббий кўрикка болали аёлларни ва катталарни таклиф этаётирмиз. Бизга туман тиббиёт бирлашмасининг юқори малакали врачлари - Тоҳиржон Фазлиддинов, Акмалжон Ҳусанов, Салоҳиддин Сайфиддинов, Муҳаммадвали Дарвишевлар яқиндан кўмаклашишяпти. Ўзимизнинг стоматологимиз Муҳаммадали Маматов, умумий амалиёт врачимиз Муҳаммаджон Мансуровлар ва ҳамшираларимиз кунлик қабулни тез, пухта ҳамда самарали кечишида доимий фаоллик кўрсатишмоқда.
Танасида касаллик борлиги аниқланганлар алоҳида назоратга олиниб, уларни даволаш чора-тадбирлари белгиланмоқда. Мақсадимиз ҳамқишлоқларимизни ўз саломатликлари ҳақида барвақт ва астойдил қайғуришга, соғлом турмуш тарзига одатлантиришга ўргатишдир.
Биз поликлиникадан чиқиб, кўча бўйлаб борар эканмиз туман тиббиёт бирлашмаси бош ҳамшираси Санобар Қодированинг бир гуруҳ хотин-қизлар ўртасида турганига кўзимиз тушди.
- Чуқурлаштирилган тиббий кўрик аҳамиятини тушунтиряпман, - деди у гап нимадалигини изоҳлаб. - Ўйлайманки, қумқўрғонликлар шу ерга юборилган юқори малакали ихтисослашган мутахассислар назоратидан ўтиб, зарур маслаҳатларини олиб қолишса, ўзлари учун ҳам, оилалари учун ҳам, қолаверса, жамият учун ҳам ғоят фойдали иш қилишган бўлади. Улар ҳозироқ поликлиникага бориш ҳаракатига тушиб қолишди.
Душанба куни "Хўжақишлоқ" маҳалла фуқаролар йиғини ва бошқа давлат муассасалари жойлашган икки қаватли бинонинг хоналари тиббиётчилар ихтиёрига бериб қўйилди. Улар бу жойни гўё кўчма поликлиникага айлантиришди. Кираверишдаги катта залга қўйилган қатор столлар атрофида хирург, терапевт, акушер-гинеколог, окулист, травматолог, эндокринолог, оталаринголог, инфекционист, педиатр ихтисосликларидаги врачлар ўтиришиб, ҳузурларига келаётганларни навбатма-навбат тиббий назоратдан ўтказишди. Мутахассис ва мижоз мулоқоти, фонендоскопда эшитиб кўриш, танометрда қон босимини ўлчашдан сўнг керак бўлса, лаборатория таҳлилларию, ЭКГ ва УЗИ текширувларигача бажаришди. Бу ерда кўп тармоқли туман поликлиникасидан келган Шуҳратжон Маҳмудов, Шерзодбек Ҳайдаров, Гулнора Жўраева, Бахтиёр Турсунов, Мирзаолим Матвалиев, Нуриддин Раҳмонов сингари врачларнинг астойдил саъй-ҳаракатлари билан биринчи куннинг ўзидаёқ бир неча юз кишида чуқурлаштирилган тиббий кўрик амалга оширилди.
УЗИда Толибжон Дарвишев билан Лутфулло Дарвишевлар, ЭКГда Одина Ҳолмирзаева билан Гулнора Дадабоевалар, лаборатория-таҳлил аппаратларида Гулнора Турғунова билан Гулмира Мирзабдуллаева каби тиббиёт ходимлари халқ хизматида бўлишмоқда.
- Чуқурлаштирилган тиббий кўрик тадбирининг ташкилотчиларига минг раҳмат, - дейди Гулноза Бекбоева. - Нафақат ўзим, балки олти ёшли қизим Ҳадича УЗИ аппаратига тушди, ЭКГда юрагимизни текширтирдик. Худога шукр, соғлигимиз жойида экан. Иммунитетимизни янада мустаҳкамловчи ва оширувчи дори-дармонлар тўғрисида эса "Саломатлик столи"га қўйилган буклетлардан энг керакли маълумотларни билиб олдик.
Наманган туманида жорий йилнинг дастлабки ўн кунлигидан бошлаб мактаб ўқувчиларининг соғлигини сақлаш учун шифокорларнинг сайёр назоратлари билим даргоҳларининг ўзида олиб борилаётган эди. Энди эса қишлоқларда ёппасига чуқурлаштирилган тиббий кўрик қизғин тусга киритилмоқда. Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Баҳриддин Сиддиқовнинг айтишича, бундай долзарб фаолият "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили"нинг доимий тадбирлари қаторидан ўрин олаверади. Зеро, соғлом фуқароли мамлакат ҳамиша қудратли бўлади. Мазкур йўналишдаги ишлар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизда тиббий хизматни давр талаблари даражасига кўтариш борасидаги қарор ва фармонларининг амалдаги ижросини таъминлашда муҳим омилга айланиб қолаверади.
Ўз мухбиримиз.