- дейди Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази
Наманган филиали директори
Зафархон Жўрабоев
- Зафархон ака, водийда салоҳияти жиҳатидан ягона кардиология марказида ўтган икки йил давомида юрак касалликларини даволаш бўйича қандай янгиликлар қўллашга киришилди?
- Яқин вақтгача нафақат вилоятда, балки Республика миқёсида мураккаб жарроҳлик амалиётлари ноёб ҳодиса ҳисобланарди. Ҳатто хориж мамлакатлари мутахассисларига мурожаат қилинарди. Бугунги кунда соҳага берилаётган юксак эътибор туфайли уларга эҳтиёж кескин камайди.
Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 7 - 8 июль кунлари вилоятимизга ташрифлари давомида 2017 - 2018 йилларда вилоят кардиология маркази негизида 100 қатновли поликлиника ва 170 даволаш ўринга эга Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг Наманган филиалини ташкил этиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берган эдилар. Ўтган вақт мобайнида марказ биноларини таъмирлаш ва замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш бўйича Инвестиция дастури доирасида 2 миллиард 600 миллион сўм ва 1 миллион доллардан зиёд қийматга эга лойиҳа амалга оширилди. Вилоят ҳокими Х. Бозаровнинг ташаббуслари билан ҳам қурилиш-таъмирлаш жараёнида маҳаллий бюджетдан 2,5 миллиарддан зиёд маблағ сарфланди. Бунинг натижасида жарроҳлик ва жонлантириш бўлимларининг деворлари махсус пластик қоплама билан қопланди. Бу эса шифохонанинг тўлиқ жаҳон андозаларига мосланганлигидан далолат беради. 3 қаватли бино ва бошқа ёрдамчи иншоотлар ҳам тўлиқ реконструкциядан чиқарилди.
Ҳозирда юрак қон томир касалликлари, ўткир миокард инфаркти, юрак ишемик касалликлари, артериал гипертония, юрак аритмияси, юрак ўтказувчанлиги мураккаб бузилишларида, юрак туғма нуқсонларида ва бошқа хасталикларда энг юқори технологик диагностика ва даволаш амалиётлари фаол олиб бориляпти. Энг такомиллашган технологиялар жорий этилганлиги боис эндиликда пойтахтда ўтказиладиган мураккаб жарроҳлик амалиётлари бевосита, шу ернинг ўзида амалга оширилмоқда.
Жумладан, коронор қон томирни стендлаш, периферик қон томир стендлаш, шунтография, шунтлаш-стерлаш, 3-Д церебрал ангиография, бир ва кўп камерали кардиостимулятор имплантация, юрак клапанлари волвопластикасининг жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли ўтказиб келинаётган эди. Ўтган йилдан улар қаторига вилоятлар орасида республикада биринчилардан бўлиб юрак камераларида электрофизиологик текширувлар ҳамда юрак аритмияларини радиочастотали абляцияси каби мураккаб амалиётларга қўл урилди. Беморларни дарддан фориғ бўлишларига эришилди. Ҳар икки амалиёт республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг етакчи мутахассислари билан ҳамкорликда амалга оширилди. Яна бир янгилик, марказимизнинг етакчи мутахассислари ўз малака ва салоҳиятларига таянган ҳолда муҳим амалий жараённи, яъни юрак туғма нуқсонларида аклюдорлар билан ёпиш амалиётини ғоятда самарали уддалашди.
Муассасага лаборотория таҳлиллари учун учта энг замонавий ва энг хусусиятли анализаторлар келтирилиб, улардан самарали фойдаланилмоқда.
- Суҳбатимиздан кўриниб турибдики, аҳоли саломатлиги ва ҳаёт фаолиятини тиклаш йўлидаги етакчи соҳалардан бири кардиохирургиядир. Унинг муваффақиятли ишлаши учун эса зарурий тиббий ускуна ва жиҳозлар жаҳон андозаларига мос бўлиши лозим. Шундан келиб чиқиб, 2019 йилда муассаса моддий-техника базасини бойитиш ва ривожлантириш учун қандай амалий ишлар режалаштирилган?
- Албатта, ҳар қандай ютуқлар замирида замонавий технологиялар жуда муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, бизда ҳам.
Жорий йил бошидан муассасага қарийб 1,1 млн. доллар қийматидаги энг замонавий хориж ускуналари келтирилиши белгиланган. Айни кунларда юқори технологияли тиббий аппаратура ва жиҳозларнинг биринчи босқичдагиси етиб келиниши кутилмоқда. Энди улар ёрдамида, бир пайтнинг ўзида марказда 4-5 хил кечиктириб бўлмас жарроҳлик амалиётларини ўтказишга эришилади.
- Соҳа ривожи ҳамиша малакани мукаммаллаштириш ва тажрибани ўртоқлашиш билан юқори босқичларга кўтарилиб бораверади. Пойтахтдаги ҳамда хориждаги юқори малакали мутахассислар билан ҳамкорликни янада такомиллаштириш масалалари қай даражада?
- Биз Республика ихтисослаштирилган кардиология ва хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари билан бевосита ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Марказимиз бош директори, академик, тиббиёт фанлари доктори Равшанбек Қурбонов бошчилигидаги етакчи мутахассисларнинг тез-тез турли амалиётларда иштирок этиши ва "Маҳорат дарслари"нинг давомийлигини таъминлаши малакамизни янада бойитишга хизмат қилаверади.
Шунингдек, йил давомида Сибир интервенцион кардиологлар ассоциацияси раиси, профессор т.ф.д В.И. Ганюков "Мультифакал атеросклерозларда ангеопластика" йўналишида, Новосибирскдаги А.Н.Мешалкин номли институти етакчи мутахассиси, т.ф.д. Редкин Дмитрий Анатольевич "Периферик қон томир облетерацияловчи атерасклерозида ангеопластикаси ва стендлаш", қозоғистонлик етук мутахассис, т.ф.д. аритмолог Алян Сулейманович Авезов "Кардиовертор, дефебреляторлар имплантацияси" бўйича биргаликда амалиётлар ўтказиб боришади. Қолаверса, бошқа хориж давлатларининг малакали мутахассисларини ҳам жалб қилиш режалаштирилмоқда.
- Жамоангиздаги врачларнинг малакасини ошириш юзасидан олиб борилаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтсангиз?
- Беморларга фан доктори ва фан номзоди илмий даражасидаги кардиохирурглар, Россия Федерацияси ва республикамизнинг етакчи тиббиёт муассасаларида малакасини оширган шифокор ва ҳамширалар хизмат кўрсатишмоқда. Масалан, 2018 йилда муассасанинг олий тоифали шифокори, соғлиқни сақлаш аълочиси рентгенэндоваскуляр хирургия бўлими мудири Акмалжон Жалилов, олий тоифали врач, кардиоревматолог Аброр Абдуллаевлар Қозоғистоннинг Олмаота, Остона шаҳарларида, Ҳиндистоннинг Мумбай ва Деҳли шаҳарларидаги ихтисослашган клиникаларда малакаларини ошириб қайтишди. Бу йил ҳам уларни мазкур шаҳарларга яна тажриба алмашиш учун юборамиз.
Марказнинг ёш ва интилувчан шифокорлари Бахтиёр Камолиддинов, Акбарали Саидовлар - Хитой Халқ Республикасига, Санкт-Петербургда ўтказиладиган ТСТ - (транскотетерная терапия) халқаро анжуманида, Новосибирскийдаги юқори нуфузли тиббиёт олийгоҳларида билим ва малака маҳоратларини мукаммаллаштиришади.
Дарҳақиқат, Кардиология маркази жамоаси "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили" талабларига ҳамоҳанг равишда изчил иш ташкил этишиб, Президентимизнинг навбатдаги "Мурожаатнома"ларига амалий ишлари, аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлаш йўлидаги ютуқлари ва юқори кўрсаткичлари билан жавоб беришлари шубҳасиздир. Биз бу борада уларга янгидан-янги муваффақиятлар тилаб қоламиз.
Суҳбатдош Манзура ЭРГАШЕВА.