Аввал хабар қилганимиздек, вилоятимизда мактаб ўқувчиларининг чуқурлаштирилган тиббий кўриги уч ойлиги ўтказилмоқда. Қуйидаги фотосуръатларда шаҳар ва туманларда кечаётган тиббий жараёнлар ўз ифодасини топган.
Наманган шаҳридаги 5-умумий ўрта таълим мактабининг ёпиқ спорт зали саломатлик тадбири учун ажратиб берилган. 1-оила поликлиникасининг тор доирадаги мутахассисларидан иборат гуруҳи болалар соғлиғини ҳар томонлама ўрганиб чиқишмоқда.
- Мактабимизда 1384 нафар ўқувчи таҳсил олади. Қисқа фурсатда уларнинг ярмидан ортиғи шифокорлар ҳузурида бўлишди. Фарзандларимиз соғлом бўлсагина уларга чуқур билим бера оламиз. Шунинг учун тиббий кўрик имкониятидан янада самарали фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз, - дейди директор Нигора Муродова.
Уйчи туманида ҳам эзгу мақсад кўзланган тадбир тизимли равишда олиб бориляпти. 6-умумталим мактабидаги тиббий кўрикка дастлаб бошланғич синф ўқувчилари чорланди. Ўғил-қизлар туман кўп тармоқли марказий поликлиникасининг тўққиз соҳа бўйича мутахассислари иш олиб бораётган хоналарга киришиб, соғлиқларини бирин-кетин назоратдан ўтказдиришмоқда.