Наманган шаҳридаги 1-туғруқ комплексида ҳуқуқий мавзуда анжуман ташкилланди. Унда тизимдаги таъмагирлик ва коррупция ҳолатларини бартараф этиш масалалари муҳокама этилди.

Тадбирни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов олиб борди. Унинг қайд этишича, мамлакатимизда "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонун ижросини таъминлаш юзасидан кескин чоралар кўрилаётганига қарамай, айрим тиббиёт муассасаларда салбий ҳолатлар ҳам учраб турибди. Бу эса ҳуқуқий тар­ғиботни янада кучайтиришни тақозо этади.

Туғруқ комплекси бош шифокори ўринбосари Маъсуда Ғаффорова слайдлар воситасида қилган маърузасида коррупцион ҳолатларга барҳам бериш омилларини батафсил изоҳлаб берди. Жумладан, "Устозлар Кенгаши " гуруҳи ва "Жамоатчилик назорати " гуруҳи ишини йўлга қўйиш тартиблари батафсил изоҳланди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосари Лайло Аҳмедова, Адвокатлар палатаси вилоят бошқармаси бошлиғи, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг "Қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари" доимий комиссияси раиси Баҳодир Каримов ва бошқалар туғруқ комплексларида жорий этилаётган янгилик соҳадаги нохуш ҳолатларнинг олдини олишда муҳим омил бўлишини, энг асосийси таъсирчан жамоатчилик назорати ўрнатилишида эканлигини таъкидладилар.

- Муассасамизда порахўрлик ва таъмагирликнинг ҳар қандай кўринишлари юзага чиқмаслиги учун тарғибот ишларига эътибор қаратяпмиз. Тасвирий тар­ғибот воситаларидан кенг фойдаланяпмиз. Врачлар, ҳамширалар ва кичик тиббиёт ходимларининг коррупцион ҳаракатлари бўйича сўровномалар изчил ўтказиб борилади. Беморлар томонидан билдирилган холис ва ҳаққоний фикр-мулоҳазалар мунтазам равишда таҳлил этилади. Пировардида эса таъмагирлик, пора бериш ҳамда пора олиш каби қонунга зид хатти-ҳаракатларга барҳам берилди, - дейди туғруқ комплекси бош шифокори Муҳлиса Атаматова.

Анжуман қатнашчилари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан тегишли жавобларни олдилар.

Абдулла ҒОЗИЕВ