Якунланган йилнинг сўнгги ҳафтаси ғоят ҳаяжонли ва мароқли кечди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 28 декабрь куни Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномани тақдим этиши кузатилган йилдан мамнунлик туйғуларини уйғотди ҳамда Янги йилни янада баланд марраларни кўзлаган ҳолда юксак кўтаринки руҳ билан кутиб олишимизга ўзгача рағбат берди.

Дарҳақиқат, 2018 йилнинг "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили" дея номланиши, бу борада белгиланган Давлат дастурининг изчил ижроси туфайли мамлакатимизда беқиёс ишлар рўёбга чиқарилди. Яъни мазкур дастур доирасида 21 триллион сўм ва 1 миллиард долларга тенг 76 мингта лойиҳа амалиётга киритилди. Президентимиз айтганларидай: "Кўрилган чора-тадбирлар туфайли аҳолининг реал умумий даромадлари 2017 йилга нисбатан 12 фоизга ошди". Шунингдек, "Ҳар бир оила - тадбиркор", "Ёшлар - келажагимиз", "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурлари шарофати билан кенг кўламли ишлар бажарилди. Ҳаётимиз янада фаровонлашди. Энг муҳими, халқимизда давлатимиздан ризолик кайфияти кучайди.

Мурожаатда шулар ҳақида фикр юритилгач, 2019 йил вазифаларига батафсил тўхтаб ўтилди. Тадбиркорлик, бизнес учун янада қулай муҳит яратиш, янги иш ўринлари ташкил этиш, аҳоли даромадларини кўпайтириш, пенсия таъминотини яхшилаш бўйича ҳам кўп ишлар қилиниши лозимлиги тилга олинди.

Биз яхши биламизки, мамлакатимизда бошлаган улкан ишларимиз бир йиллик эмас. Бунёдкорлик ислоҳотларимиз бардавомлик касб этиши ҳаётий заруриятга айланган. Президентимиз 2019 йилга "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили" деб номлашни бежиз таклиф этмадилар. Бу таклиф халқимизни беҳад қувонтирди, десак айни ҳақиқатдир. Ахир мамлакатимизда инвестициялар қанчалик кўпайса, ўзгаришлару ривожланишлар ҳам шунчалик кўпаяверади. Миллий даромадимиз ортади. Ижтимоий масалаларни ижобий ҳал этиш учун зарур иқтисодий-молиявий имкониятлар вужудга келаверади.

Янги йилда эски йилда бошланган ишлар мантиқан изчил давом эттирилиши ва энди қай жиҳатларга эътибор кучайтирилиши кераклиги Мурожаатномада аниқ белгилаб берилди.

Чунончи, халқимиз генофондини мустаҳкамлаш мақсадида тиббий хизматлар сифатини яхшилаш ва кўламини кенгайтириш лозимлиги алоҳида таъкидланди. "Бизнинг бош мақсадимиз - нафақат касалликни даволаш, балки унинг олдини олишдан иборат" деган уқтирги тиббиёт тизимида хизмат қилаётганларнинг доимий диққат марказида турмоғи шарт.

Биз тараққиёт йўлидан дадил ва шахдам одим ташлаётган эканмиз, катта ўзгаришлар йил сайингина эмас, ой, ҳафта, ҳатто кун сайин кўз ўнгимизда намоён бўлмоқда. Буларнинг барчаси ҳалол ва фаол халқимизнинг битмас-туганмас ғайрат - шижоатидан дарак беради.

Президентимиз таъкидлаганларидай: "Нияти улуғ халқнинг иши ҳам улуғ, ҳаёти ёруғ ва келажаги фаровон бўлади.

Биз демократик ислоҳотлар йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Қанчалик қийин бўлмасин, фақат олдинга-янги, юксак марралар сари борамиз.

Янги Ўзбекистон тараққиётига ҳисса қўшиш - Яратганнинг ўзи бизга берган тарихий имконият, десак, тўғри бўлади".