Ўқувчиларнинг қишки таътили якунланиши биланоқ вилоятимиздаги барча мактабларда тиббий кўрик бошланди. 11 январдан то апрелга қадар давом этадиган чуқурлаштирилган тиббий кўрикка жалб этилмаган ўқувчи қолмайди.

-  Муҳим тиббий жараёнга ҳар қачонгидан ҳам пухта тайёргарлик кўрилди, - дейди бош­қарма бош мутахассиси Нуриддин Қаҳҳоров. - Аввало, ўқувчиларга оид тўлиқ маълумотлар электрон базаси яратилди. Ҳеч бир бола назардан четда қолмайди. Энг тажрибали шифокор ва мутахассислардан иборат тиббий бригадалар тузилди. Улар вилоятнинг энг олис ҳудудларига ҳам сафарбар этилади.

Мазкур тадбирнинг изчил амалга оширилиши махсус штаб томонидан назорат қилиб борилади. Касаллиги аниқланган ўғил-қизларни туман, вилоят, ҳатто республика шифохоналарида ҳам соғломлаштириш кўзда тутилмоқда. Қарийиб тўқсон кун давом этадиган чуқурлаштирилган тиббий кўрикда юқори самарадорликка эришиш учун таълим муассасалари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, кенг жамоатчилик билан мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилади. Қисқаси, фарзандларимиз саломатлигини янада мустаҳкамлаш сари яна бир муҳим қадам қўйилади.

А. ҒОЗИЕВ