Шифокорларнинг шароитлари соз,

Беморларнинг кўнгли сарафроз.

Қаерда дейсизми? Тўрақўрғонда-да.

Янги йил арафасида кўп тармоқли марказий поликлиниканинг муҳташам биноси яна шифокорлару шифоталабларни ўз бағрига чорлади. Бунинг учун қурувчилар қарийб тўққиз ой узлуксиз меҳнат қилишди. Шу боис, тақдимот тантанасида бунёдкорлар ҳам давранинг тўрида туришди.

Қувончли ва ҳаяжонли маросимда дастлаб туман ҳокими Ғуломжон Муродхўжаев сўзга чиқиб, барчани қўшалоқ байрам билан муборакбод этди. У Президен­тимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган беқиёс бунёдкорликларга алоҳида тўхталди. Тўрақўрғонда тиббиёт муассасаларини таъмирлаш бўйича олиб борилаётган катта ишларни зўр мамнуният билан тилга олди.

Жумладан, Собиржон Абдуазизов бошчилигидаги "Дегрез" масъулия­ти чекланган жамияти жамоасига тез ва сифатли иш бажарганлиги учун миннатдорчилик билдирди.

Меҳнат фахрийси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тиббиёт ходими Аҳмаджон Худойназаров, туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Юнусхон Абдупаттаевлар давлатимиз томонидан соғлиқни сақлаш ишларини ривожлантиришга кўрсатилаётган ғамхўрликларни эътироф этишиб, бунга жавобан аҳолига ҳар қачонгидан кўра ҳам яхшироқ хизмат кўрсатиш мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидлашди. Сўнгра қурувчиларга миннатдорчилик сифатида эсдалик совғалари тантанали топширилди.

Ниҳоят янада ҳаяжонли лаҳзалар келди. Поликлиника биносининг рамзий калитини қурувчилар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Юнусхон Абдупаттаевга тантанали суратда тақдим қилишди. Бинонинг алвон лентасини эса фахрий шифокорлар қирқиб беришди.

Олди кўриниши ўзига хос равишда қайта қиёфа касб этган поликлиника эшиги остонасидан ойнаванд фаесига қадам қўяр эканмиз, беихтиёр ҳайратга тушдик. Кенг, баланд ва ёп-ёруғлигиёқ кўнгилга ҳам мунавварлик югуртиради. "Регистратура", яъни рўйхатга олиш жойигача ўзгача тусга кирган. Беморларга қулайлиги энди аввалгидек ягона эмас, 3 та рўйхатхона орқали беморлар тиббий маслаҳату муолажаларга йўналтириладилар. Нав­бат кутиш учун вақтлари зое кетмайди.

Янги бинога янги жиҳозлар ярашиқли, албатта. Бу ерга эса энг замонавий компьютерлару диагностика аппаратлари қўйилмоқда. Шунданми, врачу ҳамшираларнинг кайфиятлари янада аъло.

-Энди хоналаримизгача компьютерлар келтиришмоқда,-дейди инфекционист врач Абдуллажон Юнусов. - Илгариги пайтдагидек ручка-ю қаламда қайд этишлар ўрнига компьютерда ёзамиз-қўямиз, ўша заҳоти марказга узатамиз. Ортиқча қоғозбозликлар барҳам топаётир. Мақсад ҳар бир беморга тез ва сифатли хизматни йўлга қўйишдир. Ҳатто турникетгача ўрнатилиши кутилмоқда. Бу эса меҳнат интизомини қатъий назоратда туришини таъминлайди. Ана ўшанда врачларнинг ўз ўрнида йўқлигидан беморларнинг шикоят қилишига чек қўйилади. Халқимиз хизматимиздан тўла ризо бўлишига эришамиз.

- Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тиббий соҳани ривожлантиришга бўлган доимий эътиборларидан ҳамма хурсанд,-дейди поликлиника мудири Адҳамжон Жўраев. - Биргина бизнинг муассасамизнинг мукаммал реконструкцияси учун Давлат инвестиция дастурига кўра, 3 миллиард 777 миллион сўм маблағ ажратилган эди. Мана бугун бунинг самараси ва шарофати кўз ўнгимизда намоён бўлиб турибди. Устоз шифокор Аҳмаджон ака Худойназаров ғоят ҳавас билан айтганларидай, энди роса ишлайдиган шароитлар яратилди. Элимиз соғлиғини сақлаш учун чин кўнгилдан, виждонан ишлашга ҳамиша бурчлимиз.

Биз поликлиниканинг юқори қаватларигача айланар эканмиз, оқ халатли саломатлик посбонлари қабулидан очиқ чеҳра билан, мамнун ҳолда чиқиб келаётган қатор-қатор эркагу аёлларга нигоҳ ташлаб,истиқлолли мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг тўла маънода инсонлар учун, уларнинг фаровон турмушию, умри зиёдалиги учун хизмат қилаётганини яна бир бор қалбдан ҳис этдик.

- Очиғи, бу ердаги ўзгаришлару, қулайликлар шу даражада бўлишини тасаввуримга ҳам келтира олмагандим,-дейди меҳнат фахрийси Абдураҳмон ота Раҳимов. - Кўнг­лимда фахрланиш ҳам туйдим. Чунки, қурилиш муҳандиси сифатида поликлиниканинг Инвестиция дастурига киритиш учун лойиҳа ҳужжатлари тайёрлашда озми-кўпми ҳиссам қўшилган эди-да. Ана энди ўзимизга ҳам, фарзанду набираларимизга ҳам барча ихтисосликлар мужассам муассасанинг юқори малакали тиббий хизматидан баҳрамандлик насиб этишига не етсин!

Ташқарига чиққанимизда қурувчилар сардори Усмонжон Йўлдошев билан кўришиб қолдик.

- 1994 йили шу бинони қурган эдик,-дея эслади суҳбатга чорлашимиз билан. - Ўшанда қурилиш ташкилотининг бош муҳандиси эдим. Буни қарангки, орадан 24 йил кечгач, таъмирталаблигидан қиёфаси эскирган ҳолатини янгилаш юмуши ҳам яна ўзимизнинг жамоа­миз зиммасига тушди. 2018 йилнинг 22 мартидан 8 декабрига қадар узлуксиз иш ташкилладик. Бошланишида 80-90 нафар қурувчи ишлаган бўлса, кейинчалик 30-35 киши узлуксиз тер тўкди. Давлатимиз қурилиш таъмирлашга керакли маблағни аямай сарфлаяпти. Буларнинг ортидан фақат бир нарса, у ҳам бўлса, инсон манфаати устуворлиги ётибди. Мамлакатимиз тараққиёти янада юксалаверсин, иқтисодий бойлигидан ҳеч барака аримасин!

Янги йил арафасидаги бундай эзгу тилаклар, албатта ижобатини топгуси. Сабаби бизнинг меҳнаткаш халқимиз бор, марду майдон қурувчиларимиз бор, энг муҳими, ҳаммамизнинг соғлигимиз учун кеча-кундуз қайғурадиган шифокорларимиз бор.

Содиқ САЙҲУН.