Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 августдаги ПҚ-3894-сонли қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси ташкил этилган. Унинг олдига республикада соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш стратегиясини, илғор халқаро стандартлар ва жаҳондаги энг яхши амалиётларни ҳисобга олган ҳолда соғлиқни сақлашни такомиллаштиришнинг янги моделини, замонавий диагностика ва даволаш сифатига оид стандартларни ишлаб чиқиш устувор вазифа қилиб қўйилган.

Ушбу муносабат билан 2019 йилнинг 3 январида Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси раиси Равшан Изамов ҳамда "GOLD DREAM FOUNDATION" президенти Парк Йонхваном ўртасида меморандум имзоланди. Меморандумга кўра, ҳамкор Жанубий Корея томонидан мазкур лойиҳага 80 миллион АҚШ доллар миқдорида сармоя киритилиши режалаштирилмоқда. ООО "GOLD DREAM" раҳбари Иброҳим Эргашев билан келишув шартномасига асосан бу инвестиция Наманган вилоятида илк тиббий кластер асосида амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасининг истиқболли келишувидан асосий мақсад жаҳон андозаларига жавоб берадиган йирик фармацевтика заводи қуриш, тиббиёт йўналишидаги ўқув-илмий ҳамкорликни ўрнатиш ва замонавий клиника ташкил этишдан иборат.

Миллий палата раиси Равшан Изамовнинг фикрича, ушбу лойиҳа асосида чет эл инвесторларини жалб этиш орқали жаҳон андозасига мос даволаш стандартларини ишлаб чиқиш имконияти яратилади. Фарғона водийсининг маркази Наманганда ташкил этиладиган ушбу йирик комплекс хориж мутахассислари билан бизнинг шифокорларимиз ўртасида ўзаро тажриба алмашиш имкониятини яратади. Мазкур лойиҳа асосида Жанубий Кореянинг ЧОННАМ университетида маҳаллий кадр­ларни қайта тайёрлаш, амалиёт ўташлари учун қулай шароит юзага келади. Бу эса маҳаллий кадрларни жаҳон андозасига жавоб берадиган мутахассислар даражасига етишларида муҳим аҳамият касб этади.

Миллий Палатанинг асосий вазифаларидан яна бири - юртимизда фаолият кўрсатаётган врач ва провизорларнинг марказлашган электрон базасини яратиш, уларни тизимли равишда малакаларини оширишдан иборат. 2020 йил охиригача уларнинг электрон рўйхати ташкил қилинади. 2021 йил 1 январдан эса фаолият кўрсатиш учун лицензиялаш тартиби жорий этилади. Лицензия олмаган врач ва провизорларнинг иш олиб бориши тақиқланади.