- дейди 1-шаҳар шифохонаси физиотерапия бўлими мудири
Муяссархон ТЎХТАСИНОВА.
- Муяссархон опа, аввало, физиотерапия ўзи нима? Унинг хасталикларни бартараф этишдаги таъсири қай даражада?
- Дарҳақиқат, физиотерапия клиник тиббиётнинг бир соҳаси. Қуёш нури, сув, ҳаво, шифобахш балчиқ ва сунъий электр токи, электр магнит майдони, ёруғликнинг сунъий манбалари, ультратовуш ва бошқа физик омилларнинг таъсир механизмини ўрганади. Шу билан бир қаторда уларни даволаш-профилактика мақсадида қўлланилади.
Бизнинг шифохонадаги беморларнинг аксарияти физиотерапия муолажаларидан баҳраманд бўлишади. Бу ерда асосан юқори ва паст частотали токлар билан ишлаймиз. Ёруғлик нури, парафин, массаж каби муолажаларнинг ғоятда сернафлиги учун дарддан тезроқ фориғ бўлаётган беморлар жуда-жуда мамнунлар.
Аппаратларимиз деярли талабга жавоб беради. Масалан УВЧ, ИСКРА, УЗГ, УГН, АФ-2, УГН-1, ингаляторда олиб бориладиган муолажаларнинг хасталикларга бевосита таъсири жуда самарали. Дарсанвал - бош мияда қон айланиш системасини меъёрлаштиради, ТОНУС аппарати жарроҳликдан кейинги ҳолатларда, УФА муолажалари ҳам яллиғланишларга қарши энг яхши восита ҳисобланади. Ингалятор эса гриппда, ўпканинг яллиғланишида, аллергия ва бошқа касалликларда жуда фойдали.
- Беморларга яратилган қулайликлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?
- Бўлимда бир нафар олий тоифали шифокор ҳамда 6 нафар олий тоифали ҳамширалар фаолият юритамиз. Кунига 50 нафардан ошиқ кишиларга хизмат кўрсатамиз. Неврология, гастроэнтерология, лор, офтольмология, гематология, ревматология, реанимация, хирургия бўлимларидаги беморларнинг талаб ва эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда 4 та бўлимда биттадан физиотерапия хонасини ташкил қилдик.
Йил бошидан режаларимиз бир талай. Янги-янги тиббий аппаратураларга аллақачон буюртмалар бериб қўйганмиз.
- Алоҳида фитобар ҳам беморлар хизматида экан.
- Албатта шундай. Серқуёш диёримизда етиштирилаётган минг дардга даво, шифобахш гиёҳлардан ҳозирда тиббиётда унумли фойдаланилмоқда. Қолаверса бизнинг шифохонада ҳам шундай. Врачлар тавсиясига кўра беморларга гиёҳли доривор дамламаларни берамиз. Уларнинг қўлланилиши, муҳим жиҳатларини алохида тушунтириб борамиз. Чунки бундай чойларни улар кейинчалик оилаларида ҳам истеъмол қилишлари мумкин.
Суҳбатдош Манзура ЭРГАШЕВА.