Вилоят перинатал марказида таъмагирлик ва коррупция ҳолатларини бартараф этиш масалаларига бағишланган анжуман ўтказилди. Унга шаҳар ва туманлар туғруқ комплекслари мудирлари ҳамда марказ шифокорлари таклиф этилди.
Тадбирни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосари Лайло Аҳмедова очди. Унинг қайд этишича, мамлакатимизда тиббиёт ходимлари нуфузини ошириш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш масаласига устувор аҳамият қаратилаётганлигига қарамай айрим муассасаларда саломатлик посбонлари обрўсига путур етказаётган салбий ҳолатлар ҳам учраб турибди. Шу боис ҳам таъмагирлик, порахўрлик ва коррупцион кўринишларга қарши кескин кураш олиб борилмоқда.
Вилоят перинатал маркази директорининг ўринбосари Ойшахон Қосимованинг слайдлар воситасида қилган маърузасида аҳолининг норозилигини келтириб чиқараётган қонунбузарликларга чек қўйишнинг йўллари атрофлича изоҳлаб берилди. Жумладан, ҳар бир тиббиёт муассасасида жамоанинг обрўли вакилларидан иборат "Устозлар Кенгаши" гуруҳи тузилади. Шаҳар ва туманларда эса "Жамоатчилик назорати" гуруҳи ташкил этилади. Ҳар икки гуруҳнинг узвий равишдаги фаолияти натижасида соғлом маънавий муҳит яратилади. Ходимларнинг одоб-ахлоқ мезонларига ҳамда тиббий этика ва ички меҳнат интизомига риоя этишлари таъминланади. Врачлар, ҳамширалар ва кичик тиббиёт ходимларининг коррупцион ҳаракатлари бўйича сўровномалар изчил ўтказиб борилади. Беморлар томонидан билдирилган холис ва ҳаққоний фикр-мулоҳазалар мунтазам равишда таҳлил этилади. Пировардида эса таъмагирлик, пора бериш ҳамда пора олиш каби қонунга зид хатти-ҳаракатларга барҳам берилади.
Вилоят адлия бошқармаси ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими ходими Шаҳзода Абдуллаева "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонун ҳамда давлат бошқарув органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидаларининг мазмун-моҳияти" ҳақида маъруза қилди. Нотиқ айрим коррупцион ҳолатларни юзага келтирадиган омилларга эътиборни қаратди.
Анжуманда вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Ирода Қўчқорова иштирок этиб, соғлиқни сақлаш тизимида кўзга ташланаётган номаъқул ҳолатларнинг пайини қирқишга аввало тиббиёт ходимлари масъулиятини, аҳоли ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, қолаверса таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш воситаси орқали эришиш мумкинлигини таъкидлади.
Қатнашчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан тегишли жавобларни олдилар.