Намангандаги 1-шаҳар шифохонаси вилоятдаги намунали тиббиёт масканларидан бири. Аҳил жамоа аҳолига кўрсатилаётган хизмат сифатини янада яхшилаш, фаолиятни бугунги кун талаблари даражасида ташкил этиш борасида астойдил изланмоқда. Яқинда мазкур муассасада Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасини ўрганишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбирни Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Тоҳиржон Бойдадаев кириш сўзи билан очди. Ви­лоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самаралари, айниқса тиббиётда рўй бераётган улкан ўзгаришлар ҳақида тўхталди. Давлатимиз раҳбарининг маърузасида соҳа фаолиятини янада яхшилаш, хусусан тиббий хизмат сифати ва даражасидан одамларни рози қилишга эришиш каби устувор вазифалар белгилаб берилганлигини алоҳида қайд этди.

Узоқ йиллар Наманган шойи ишлаб чиқариш бирлашмаси бош директори бўлиб ишлаган, айни пайтда меҳнат фаҳрийси Абдурашид Убайдуллаев мазкур шифохонанинг ўтмиши, унинг фидойи шифокорларини эсга олди. Бугунги авлод вакиллари ҳам азалий анъаналарга содиқ қолиб, хизмат кўрсатиш самарадорлиги ва маданиятини ошириш сари интилаётганлиги эътироф этилди. Бош шифокор Тоҳиржон Абдуллаев, бош шифокор ўринбосари Мавлуда Турсунова, лаборатория мудири Ҳалима Даминовалар Президент маърузасидан келиб чиқадиган вазифалар ижросини таъминлашга шифохона жамоаси астойдил киришганлигини таъкидладилдар.

- Вилоятимиз ҳокими Хайрулла Бозаровнинг амалий ёрдамлари билан лабораториямиз ишини тубдан такомиллаштиришга эришдик. Ажратилган маблағ ҳисобига келтирилган тиббий асбоб-ускуналар воситасида касалликларга аниқ ва тезкор ташхис қўйишга эришилмоқда, - деди Ҳ. Даминова.

Йиғилишда "Билимли авлод-буюк келажакнинг, тадбиркор халқ - фаровон ҳаётнинг, дўстона ҳамкорлик эса тараққиётнинг кафолатидир " деб номланган маърузада белгиланган вазифалар, хусусан коррупцияга қарши курашни бутун чоралар билан кучайтириш юзасидан ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилиб, бу иллатнинг пайини қирқиш учун янада самарали иш олиб бориш юзасидан фикрлашиб олинди.

Абдулла ҒОЗИЕВ.