Истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб мамлакатимизда самарали ва серқирра фаолият олиб бораётган хорижий муассасалардан бири - Туркия Жумҳурияти Бош вазири девони ҳузуридаги Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТIКА)дир. Мазкур агентликнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси 1993 йилда очилган эди. Ўшандан бери соғлиқни сақлаш соҳасига оид қатор лойиҳалар ҳам муваффақиятли амалга оширилмоқда. Эзгу мақсад йўлидаги саъй-ҳаракатлар кўлами йил сайин кенгаймоқда.
Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг болалар кардиожарроҳлик бўлимида навбатдаги ғоят мураккаб, юқори технологик операцияни туркиялик шифокорлар ўзбекистонлик ҳамкасблари билан биргаликда олиб бордилар. Олти ёшли Баҳодиржон Исроилжонов юрак туғма нуқсонидан қийналаётган эди. Болалар жарроҳи, доцент Салим Беличи ва болалар кардиологи Иброҳим Энче Баҳодиржоннинг мурғаккина юраги атрофида йиғилган суюқликни чиқариб, перикард бўшлиғига дренаж ўрнатдилар, яъни тиббиётчилар таъбири билан айтганда "перикардиоцентез" амалиёти юксак маҳорат билан бажарилди.
Иккинчи амалиёт якунида 15 кунлик чақалоқ Имона Иброҳимжонованинг ҳаётига хавф солаётган марказий цианоз - юракнинг меъёридан ортиқ уриши дефибриллятор воситасида одатий маромга туширилди. Энди қизчанинг саломатлигидан хавотирланишга ҳожат қолмади.
- Фарзандимнинг оғир бетоблигидан жуда ҳам ташвишда эдим. Яхшиямки, малакали шифокорларнинг юртимизга келишгани, - дейди норинлик Гулсиной Ҳусанова.
Бу - ТIКА агентлиги ташаббуси билан диёримизга ташриф буюриб, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказидаги илмий-амалий анжуманда мураббийлик қилаётган турк олим-шифокорларининг хайрли ишларидан биридир.
Улар уч кун мобайнида "Шошилинч ҳолатларда болалар ҳаётини сақлаб қолиш" Дастури доирасидаги машғулотларда жарроҳ Юнус Эмре, доктор Умид Доган ва доцент Али Гунешлар билан биргалиқда наманганлик шифокорларга сабоқ беришди.
"Операциядан сўнг болаларни парваришлаш" мавзуида уюштирилган ўқувга вилоятимиздаги барча даволаш - профилактика муассасалари ҳамда шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмаларида фаолият олиб бораётган болалар жарроҳлари, педиатрлар ва анестезиологлардан 63 нафари жалб қилинди.
Анжуманда назариётчи ва амалиётчи мутахассислар педиатриядаги асосий шошилинч ёрдам, нафас етишмовчилиги ва шок ҳолатларида ҳаво йўлини очиш ҳамда ҳаво ўтишини таъминлаш, юрак тўхташини даволаш, ритм бузилишларида ёрдам кўрсатиш, травма ҳолатларида реанимация ҳамда умуртқани фиксациялаш, бемор болани реанимациядан чиқариш каби бир қатор мавзуларда маъруза қилдилар. Савол-жавоблар чоғида эса тингловчиларни қизиқтирган кўплаб усул ва услублар ҳақида батафсил тушунча берилди.
- Машғулотлар ғоят қизиқарли ўтди. Хорижлик мутахассислардан жуда кўп нарсани ўргандик. Жаҳон тиббиётида жорий этилган қатор янгиликлардан воқиф бўлдик.
Қалтис вазиятларда болалар ҳаётини асраб қолиш бўйича малакамизни янада оширишга эришдик, - дейди неонатолог-врач Дилбар Азизова.
Семинар-тренинг давомида ТIКА агентлиги томонидан вилоятга беғараз ёрдам сифатида тақдим қилинган замонавий реанимобиль намойиш қилинди. Мазкур тез ёрдам автомашинаси энг мукаммал ва такомиллашган тиббий асбоб-ускуна ҳамда қурилмалар билан жиҳозланган бўлиб, ҳар қандай оғир касалликни бошидан кечираётган беморни хавфсиз ва кафолатли равишда шифохонага етказишга ихтисослаштирилгандир. Айни пайтда тўрта Тayota реанимобили Наманган шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси таркибида вилоятимиз маркази аҳолисига шошилинч тиббий хизмат кўрсатмоқда.
- Давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг ривожига муносиб ҳиссамиз қўшилаётганлигидан мамнунмиз, - дейди ТIKA агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари жаноб Али Ихсан Чоғлар. - Жорий йилда ўзбек шифокорларини ўқитиш, соҳа моддий-техник имкониятларини яхшилаш, бемор болаларни чет элда даволатиш борасида изчил иш олиб борилди. Келгусида ҳам тиббиёт соҳаси ходимлари касбий маҳоратини ошириш бўйича янги лойиҳаларни режалаштиряпмиз.
Анжуман дастуридаги "Маҳорат дарслари" ҳам қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотди. Машғулотлар якунида тингловчиларга агентликнинг сертификатлари топширилди. Тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш юзасидан фикрлашиб олинди.
Тадбирда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров иштирок этди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.