Мамлакатимизда тиббий хизмат сифатини янги босқичга кўтариш борасида қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, уйма-уй юриб кўрсатилаётган патронаж хизматини янада такомиллаштирилаётганлиги ўзининг ижобий натижасини бермоқда.
Жорий йилда бу йўналишда кенг кўламли фаолият олиб борилаётганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Дастлабки "Патронаж ойлиги"да бошланган астойдил саъй-ҳаракатлар Республика Ишчи гуруҳининг шаҳар ва туманларидаги изчил фаолияти даврида янада авж олди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан ноябрь-декабрь ойларида ташкилланган навбатдаги "Патронаж ойлиги" эса йил бўйи ҳудудларда амалга оширилган ишларнинг мантиқий давоми бўлди, десак янглишмаймиз.
Ойликнинг бу галгиси мутлақо бошқача тарзда олиб борилди. Аввало, барча хонадонларда яшовчи аҳоли вакилларининг саломатлиги хатловдан ўтказилди. Кейин эса эҳтиёжманд кишиларга патронаж ҳамширалари ва бирламчи тизим шифокорлари томонидан зарурий тиббий хизматлар кўрсатилди.
- Хатлов пайтида вилоятимиз аҳолисининг саломатлиги тўла таҳлил этилди. Унга кўра жами аҳолининг 30 фоиздан зиёди мақсадли патронажга йўналтирилди. 5 минг нафардан зиёд кишига оғир асоратли ва ноаниқ касалликлар борлиги учун селектив патронажига йўлланма берилди, - дейди вилоят аҳоли репродуктив саломатлик маркази раҳбари Юсуфжон Адашев.
Ва ниҳоят ҳал қилувчи босқичга фурсат келди. Вилоят ва республика ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасаларининг етакчи мутахассислари 19 - 21 декабрь кунлари селектив патронаж бўйича белгиланган вазифаларни бажариш учун беморлар ҳузурига боришди.
Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида кечган жараёнда кўплаб ҳамюртларимиз Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази болалар травматологияси бўлими мудири, тиббиёт фанлари доктори Файзулла Умаров қабулида бўлдилар. ВКТТМ мутахассислари олимга ассистентлик қилишди.
- Оёқларимдаги маймоқлик туфайли қийналар эдим. Олим-шифокор дардимни енгиллаштириш бўйича зарур тавсияларни бериб, кўнглимни кўтарди, - дейди уйчилик Дилфуза Жалилова.
Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига селектив патронаждан ўтказиш учун бир неча нафар носоғлом чақалоқлар олиб келинган эди. Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказининг муддатидан аввал туғилган чақалоқлар бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди Саида Юсупова уларнинг соғлигини бирма-бир кўздан кечирди. Юрак туғма нуқсони бор ва чала туғилган болаларни соғломлаштириш бўйича ВБКТТМ неонатология бўлими мудири Зулфия Маматхўжаевага тегишли маслаҳатларини беришди-ю, Наманган туманида кутаётган жажжи беморлар ҳузурига жўнаб кетди.
Биз Тошбулоқдаги туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида бошқа ихтисосликлар бўйича тиббий хизмат кўрсатаётган пойтахтлик шифокорларни ҳам учратдик.
Жумладан, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази жарроҳи Анваржон Эшонов бемор Анвар Қуллиевга тиббий хизмат кўрсатаётган эди. Малакали шифокор дастлаб беморнинг шикоятини тинглади, сўнгра рентгент хулосасига разм солди. Тиббий кўрик хастаҳол инсонни дарддан халос қилиш чоралари белгиланиши билан ниҳоясига етди.
Таниқли онколог маҳаллий шифокорлар тузиб қўйган рўйхатга кўра Мулла Кудинг маҳалласида яшовчи Акбаровлар хонадонида ҳам бўлди. Холпошша аяни безовта қилаётган хасталикни даволаш юзасидан зарур маслаҳат ва тавсиялар берилди.
- Хонадонимизга Тошкентдан малакали шифокорлар келишиб, турмуш ўртоғимни тиббий кўрикдан ўтказишди. Халқ саломатлиги учун шу қадар ғамхўрлик қилинганлигидан ғоят мамнун бўлдик, - дейди Қамбарали ота Акбаров.
Селектив патронаж хизмати уюшқоқлик билан олиб борилди. Унда вилоят даволаш-профилактика муассасалари вакиллари, шунингдек, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази ходими Муҳаббат Қурбонова, Республика дерматовенерология ва тиббий косметология илмий-амалий тиббиёт маркази профессори Шаҳноза Мавлонова, Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассиси Мақсуд Раҳматов ва бошқа ўнлаб юқори малакали шифокорлар мураккаб ва ноаниқ касалликлардан азият чекаётган одамларни тиббий кўрикдан ўтказиб, уларни вилоят ёки республика шифохоналарида соғломлаштириш юзасидан керакли тавсияларни бердилар.
Янги йил арафасида самарали кечган навбатдаги тиббий тадбир юртдошларимиз саломатлигини янада мустаҳкамлаш сари қўйилган муҳим қадам бўлганлиги билан аҳамиятлидир.