Мигрантлар орасида ОИВ инфекцияси билан зарарланиб, касалликни оила аъзоларига юқтириш ҳодисалари ортиб боряпти. Мазкур ҳолат, нафақат мигрантларнинг, балки уларнинг оила аъзолари, турмуш ўртоғи ва дунёга келиши мумкин бўлган фарзандлари саломатлигига ҳам жиддий хавф туғдиряпти. Қолаверса улар ОИВ инфекцияси бўйича эпидемик вазиятнинг кескинлашувига сабаб бўлишлари мумкин. Бу аҳоли орасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши тизимли тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бориш ғоят зарурлигини тақозо этади.
Наманган шаҳридаги "Ёшлар маркази"да "Биз - ОИВ инфекциясига қаршимиз" шиори остида ташкилланган тадбирда худди шу масалага эътибор қаратилди. Тадбирни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров очар экан, у чет давлатларда бўлиб қайтган фуқароларни ва вилоят ҳудудида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларни ОИВ инфекциясига текшириш учун йўллашда нафақат ҚОП ёки ҚВПдаги шифокор, патронаж ҳамшираси, айни маҳалда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, маслаҳатчилари ва бошқа ҳамкорлар билан биргаликда тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бориш ўзининг самарали натижаларини беришини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Шундан сўнг вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази директори Раҳмонжон Абдуллаев, поликлиника мудири Гулмира Мирзакаримова, мутахассислар Баҳромжон Раҳмонов, Мансуржон Фозиловлар ОИВ инфекцияси ва ОИТС касаллигининг олдини олиш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар, касалликнинг эпидемиологияси, профилактикаси, клиникаси ва даволаш чора-тадбирлари тўғрисида маърузалар қилишди.
Давра суҳбати тарзида кечган мулоқотда ОИВ инфекциясининг юқиш хавфи юқори бўлган гуруҳлар, хусусан, мигрантлар ва уларнинг оила аъзолари, шунингдек маиший хизмат кўрсатиш муассасалари ходимларига ОИВ инфекциясининг профилактикаси юзасидан тарғиботларни изчил олиб бориш бўйича керакли кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Ирода Қўчқорова иштирок этди.
Манзура ЭРГАШЕВА.