Кексаларимиз дуога қўл очганларида ушбу иборани ҳам бежиз тилга олишмайди. Бунинг замирида чуқур маъно ва мазмун мужассам эканлигини, шундай бало-офатдан азият чекканлар жуда яхши билишади. Ностандарт иситгичлардан, қолаверса қўлбола газ улагич шланкалардан фойдаланиб, алал-оқибат мусибатга мубтало бўлганлар афсус-надоматларининг чеки йўқ.
Улар йўқотган моддий ва маънавий бойликларини, энг муҳими саломатликларини тиклашнинг иложи бормикан?! Мана шундай нохуш ҳолатлар нафақат хонадонларда, балки муассасалар ва ташкилотларда ҳам баъзан учраб турибди. Ёнғинлар профилактикасида энг муҳим юмуш куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш ҳисобланади.
- Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги барча даволаш- профилактика муассасаларида бу ишга етарли эътибор бериб келинмоқда. Масалан, 50 дан зиёд муассасада реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилиб, 95 та иситиш қозонлари ўрнатилган. Шунингдек, мавсумни беталофат ўтказиш мақсадида 13 та тиббиёт муассасасига 259,5 тонна суюқ печ ёқилғиси заҳира қилинган. 24 та вилоят ДПМлари ҳамда шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларида 33 та электр токи ишлаб чиқарувчи генераторлар соз ҳолатга келтирилган. Яна кўмир ва кўмир брикет маҳсулотларигача керакли миқдорда жамғарилган, - дейди ВССБнинг қурилиш-таъмирлаш ва эксплуатация ишларини ташкиллаштириш бўлими бошлиғи Аслиддин Раҳмонов.
Айни пайтда вилоят ЁХБ билан ҳамкорликда барча тиббиёт муассасаларида "Ёнғинлар профилактикаси куни" доирасида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
Куни-кеча вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида ўтказилган тадбир ҳам айнан ёнғин ҳодисаларининг олдини олишга бағишланди. Наманган шаҳар ЁХБ инспекторлари А. Турсунметов, А. Ўтановлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 майдаги "Ички ишлар органлари Ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорининг мазмун-моҳияти ҳамда Ўзбекистон Республикаси "Ёнғин ҳавфсизлиги тўғрисида"ги Қонунида фуқароларнинг белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида батафсил маълумотлар беришди. Шунингдек, бошқарма ходимларига иш жойларида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига тўлиқ риоя қилиниши ғоят муҳим эканлиги ҳам уқтирилди.
Манзура ЭРГАШЕВА.