Бутун умрини болалар саломатлигини сақлашга бағишлаган табаррук отахон, педиатр-врач Мамадали ЖЎРАЕВнинг тасвирига чизгилар

(Давоми. Бошланиши аввалги сонда)

Йиллар уни камолот зиналаридай тиббий билимини амалий муолажаларда қўллаш малакасини юксалтираверди. Туманнинг бош педиатри мақомига элнинг меҳр-ихлоси қўшилиб, обрў-эътибори баланд шифокорга айланди. Мамадали Жўраевнинг оғир-босиқлик феълига муаммоли ҳолатларда чуқур мулоҳаза юритиш одати уйғунлаша борди. Ҳар қандай шароитда адолатли тутуми, барчага баробар қараши, ҳақгўйлиги устуворлик касб этаверди. Билимдон ва тажрибали мутахассис сифатида барчага танилди. У ҳамиша шахсий манфаатини ортга суриб, жамоа манфаатини биринчи ўринга қўя олиш одатига амал қилди. Кези келганда ичидагини дангал айтишдан баъзи раҳбарларга оғир ботса ҳам ўзини асло тиёлмасди. Лекин охири бахайр бўлгач, қувонганидан боши осмонга етарди.

Биргина мисол. 1971 йили эди ўшанда. Марказий шифохонанинг "Тез ёрдам" станциясига кечаси чақирув тушди. Кимникидан денг, туманнинг биринчи раҳбари Маматхон Бобохоновнинг уйидан. Фарзандининг соғлиги ёмонлашган эмиш. Диспетчер-ҳамшира шу заҳоти бош педиатрни хабардор этди. Бўлимда "Касаллик варақа"ларини тўлдираётган Мамадали Жўраев зудлик билан машинага ўтириб, беш дақиқадаёқ айтилган манзилга етиб борди.

- Истимасига томоғидаги ангинаси сабабчи, - деди боланинг оғиз бўшлиғини текшириб кўргач педиатр.

- Ўғлимизни шифохонага олиб кетасизми? - деди отаси докторга умид боғлаб.

- Йўқ.

- Нега?

- Жой етишмайди.

- Мени танимадингиз шекилли?-деди таажжубланиб мезбон.

- Танияпман, бироқ ҳозир иложсизман, сиз ҳам тушунинг, шифохонада атиги 10 та ўрин болаларга ажратилган, холос.

- Ҳали шунақа оғир ҳолатда ишлаяпсизларми?! - Мен бехабар эканман.

- Тўғри, сиз яқинда иш бошладингиз-ку. Болангизни олиб кетсам, залда ётадими, хоналар тўла банд. Эрталаб бир беморга жавоб берсам, унинг ўрнига ётқизаман.

- Майли, дўхтир. Агар ҳолат айтганингиздай бўлса, ўрганамиз, яхшилаймиз...

Мамадали Жўраев боланинг истимасини тушириш учун хонадоннинг ўзида ҳамшира билан биргаликда муолажага киришди...

Эртасига эрталаб туман раҳбари шифохонага келди. Бош врач Яҳёхон Исмоиловни ёнига олиб, эски биноларни, палаталарни бирма-бир кўздан кечирди. Бош педиатрни чақириб, энг танг аҳволдан огоҳ этгани учун миннатдорчилик билдирди. Кейин эса хулосасини айтди:

- Сизлар 15 кун ичида янги бинонинг лойиҳасини туздириш билан шуғулланинг­лар, мен эса пул-маблағ ажратиш ҳақида юқори ташкилотлар билан келишаман.

Ҳар икки масала ижобий ҳал қилинди. Келгуси йили икки қаватли дастлабки янги бинога шифокорлар кўчиб киришди. Беморларга барча қулайликлар яратиб қўйилди. Кейин эса эзгу ҳаракатлар яна давом эттирилаверди. Эндиликда қатор-қатор бинолардан иборат мўъжаз тиббиёт маскани эл хизматида.

Ҳозирда отахонни ҳамиша бу ердаги тадбирларнинг тўрига ўтқазишади. Атрофга боқиб, шогирдлари камолини кўриб, ғоят фахру ғурур туядилар. Ахир ажойиб сафдошларига ҳамкору ҳамнафас эдилар-да. Марҳабатхон Умарова, Аҳмаджон Нурматов, Абдумуҳид Раҳмонов, Эдем Фетиев, Мусохон Нажмиддинов, Муродилла Мамадалиев сингари врачлар, Галия Бекирова, Сожида Нормирзаева сингари ҳамширалар билан қанчадан-қанча болаларни соғайтиришиб, ота-оналари ол­қишларига сазоворланишгани ҳаётларининг бетакрор ва унутилмас саҳифалари бўлиб қолган. Устоз педиатрнинг кўп йиллик самарали хизматлари "Шавкатли меҳнати учун" медали ва қатор Фахрий ёрлиқлар билан сийланган.

Мамадали Жўраев умр йўлдошлари педагог Мукаррамхон Жўраева билан- олти фарзандни тарбиялаб, халқ хизматига йўллашган. Улардан бири Адҳамжон ота изидан борган. Айни пайтда вилоятда кўзга кўринган ревматолог-врач. Худди отасидек эл саломатлигини сақлашнинг чинакам жонкуяри сифатида фаол иш олиб бораётир.

Содиқ САЙҲУН.