зеро ўзимиз ҳам табиатнинг бир бўлагидирмиз

Табиат ва унинг барча неъматлари инсониятга берилган бебаҳо инъомдир. Тоза ҳаво, ям-яшил далалар, боғ-роғлар, дарахт­лар, турли хил ўсимликлар, ҳайвонот дунёси ва бошқа тирик организмларнинг барчаси ўзаро уйғунлашиб гўзал табиатни ташкил қилади. Табиатга қандай муносабатда бўлсак, у ҳам бизга шундай муносабатда бўлиши тайин.

Бизнинг дунёга келишимиз, ҳаётимизнинг давомийлиги табиат қонунияти асосида амалга ошади. Биринчи нафас олиш жараёнида бутун танамиз ҳаво билан таъминланишдек мураккаб жараён. Кислороднинг ҳосил бўлишида ҳам шу мураккаблик сақланиб қолади. Масалан кислород ҳосил бўлиши учун дарахтлар танасида қанчалик мураккаб  жараён  кечишини  тасаввур  қилиш қийин. Шунингдек ўсимлик дунёси ерни сув ва шамол эрозиясидан, куёш нуридан сақлашда, сувни муҳофаза қилишда муҳим роль ўйнайди. Ўсимликлар одам ва ҳайвон организмлари истеъмол қилган карбонат ангидрид (СО2) газини ютиб, тоза кислородни (О2) ажратиб чиқаради. Дунёда ўсимликлар йилига 4,2 миллиард тонна карбонат ангидрид газини сингдириб, 4 миллиард тонна кислородни чикариб, ер юзида ҳаётни таъминлайди. Бир туп дарахт бир кеча-кундузда уч киши учун зарур бўлган оксигенни қайтариб беради. Бир гектар ўрмонзор бир кеча-кундузда 230 кг СО2 ни ютиб, 200 кг ҳаво оксигенини ажратади. Бир гектардаги игнабаргли дарахт бир йилда 40 тоннага яқин, япалок баргли дарахт эса 100 тоннагача ҳаво чангини ушлаб қолади.

Ўсимликлар ҳаводаги олтин гугуртнинг кўп қисмини баргида тўплайди, ҳавони кўрғошин бирикмаларидан тозалайди. Аниқланганки, қўрғошин асосан одамнинг нерв системасига таъсир қилади. Ўсимликлар ўзидан учувчи моддалар - фитонцидлар ажратиб, зарарли микроорганизмларни ўлдиради. 1 га ўрмонзор бир кеча-кундузда 4 кг фитонцид чиқаради.

Миллий анъаналаримиз орасида мевали ва манзарали дарахтларни ўтказиш ҳамда парваришлаш алоҳида ўрин тутади. Халқимиз арчани ўрмон ва тоғ кўрки дейишади. Айтишларича, обиҳаёт (тириклик суви)ни яратган Луқмони Ҳаким, уни ичишга кўнгли бўлмай идишдаги сувни ёш арча тагида тўккан эмиш. Арча дарахтининг узоқ яшаши ва доим ям-яшил бўлиб туришига сабаб ана шунда эмиш. Ўрмондаги ҳар қайси арча бир қудуқ билан тенг, у қишда қорни, ёзда нам­ни сақлайди. Арча кучли тозалаш имкониятига эга бўлиб, ёқимсиз таъсирлардан халос бўлишга ёрдам беради.

Одам биоэнергетика манбаи борасида пешқадамлик қарағай ва кедр дарахтига тегишли. Қарағайнинг энергияси инсоннинг кучини қайта тиклаб, унинг биомайдонини маромига келтиради. Энг кучли биоэнергетика эманга хос. Эман инсон кўнглини тинчлантиради, унга куч ато этади, бардамлик бахш этади. Эманзорда сайр қилиш қон босимини маромига келтириб, юрак ва асаб тизими фаолиятига яхши таъсир килади. Қайинлар олдида дам олиш эса чарчоқни ёзади, руҳий мувозанатни тиклашга ёрдам беради. Каштан ички тангликни бартараф этади, терак худди дока сингари ҳам экологик, ҳам руҳий - барча ёмон ҳолатларни шимиб олади. Шу боис у ўзига хос санитар хисобланади. Ўсимликлар дунёсига нисбатан бундай яқинлик болаларни тарбиялашда, уларда экологик тафаккурни, табиатга эҳтиром билан қараш ҳиссини шакллантиришда бениҳоя муҳим аҳамият касб этади.

Одамларнинг ўсимликлар дунёсига салбий таъсири натижасида ер юзида тобора ўсимликлар қоплами қисқариб, турлар камайиб бормоқда. Маълумотларга қараганда ҳозирги вақтда дунёда ўрмонларнинг умумий майдони 50 фоиз қисқариб кетган. Ўрмонлар ёнғинлардан ва сув босишлардан ҳам катта зарар кўряпти. Ўрмонларни кесиш анча кучайган, шунинг учун хукуматимиз ташаббуси билан ёғочбоп теракзорларни кўпайтириш умумхалқ ҳаракати бошлаб юборилди.

Ўсимликлар оламида яна бир ажойиб ҳолат - хазонрезлик, ўсимлик ҳаёти учун энг керакли ва асосий жараён. Чунки қуёшдан келадиган ёруғликнинг қисқариши натижасида сув ва озиқ моддаларнинг камайишига, барг пигментларида ўзгаришлар келиб чиқишига олиб келади. Сарғайган барглар ерга тўкила бошлайди. Зеро, сарғайган барглар поядан узилиб ерга тўкилмаса унинг таркибида тўпланган заҳарли бирикмалар қисман пояга ўтиши ва дарахтни қуритиши мумкин. Бироқ ерга тўкилган барг­лар, чириши натижасида тупроқ унумдорлигини оширади. Хазонларни ёқиш асло мумкин эмас. Хазон ёнган вақтда, ундан углерод бирикмалари, карбонат ангидрид билан бирга бензапирен моддаси ҳам атмосферага ажралиб чиқади. Хазон ва чиқинди ёқиш оқибатида чиқадиган заҳарли моддалар эса аста-секин ўз таъсирини кўрсатади. Ҳаво таркибидаги заҳарли моддалар инсон нафас йўллари орқали ошқозон ости бези, ўпка ва иммун тизимини заҳарлайди. Бундай заҳарли моддалар кўпинча хавфли ўсма, аллергик, кўз, томоқ йўлларида кучли кичиш ва бир қатор хавфли касалликларни келтириб чиқаради. БМТнинг маълумотларига қараганда, ҳозирги вақтда касалликларнинг 80 фоизи экологик танглик натижасида содир бўлмоқда. Айникса, юрак, онкологик ва аллергик касалликлар кўпаймокда.

Шундай қилиб, ҳозирги даврда инсоният олдида биологик хилма-хилликни сақлашдек муҳим экологик муаммолар вужудга келди. Теварак атрофимизда қанчалик яшил ўсимликлар қоплами кўп бўлса, сайёрамиздаги ҳаёт шунчалик гўзал, барқарор ва абадий бўлади.Табиат инсониятнинг кўп қиррали фаолияти учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган бебаҳо бойликлар хазинасидир. Аммо бу бойликларни чексиз, сира туганмас деб ҳисоблаш, унга нисбатан нотўғри муносабатда бўлиш ёмон оқибатларга олиб келади. Атроф-муҳитни тоза ва мусаффо ҳолда келгуси авлодларимизга қолдириш бизнинг асосий мақсадимиз. Шундай экан, юртимиз табиати, экологияси, тупроғи, суви, ўсимлик ва ҳайвонот оламини асраб-авайлаш келгуси авлодларимизга беғубор ҳолда етказиш, она табиатга нисбатан меҳр­ли ва шафқатли бўлиш, уни асраб-авайлаш барчамизнинг асосий бурчимиз эканлигини асло унутмайлик.

Бахтиёр ХОЛМИРЗАЕВ,

НамДУ талабаси.