Маълумки, шу йилнинг 12 декабрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-5597-сонли Фармони қабул қилинди. Бундан мақсад пенсионерларни ижтимоий жиҳатдан янада қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий - сиёсий ҳаётида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда уларнинг салоҳияти, тажрибаси ва билимини тўлақонли жалб қилиш, пенсия таъминоти самарадорлигини ошириш, шунингдек, мазкур йўнилишда халқаро тамойил ва стандартларни жорий этишдан иборатдир.
- Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегиясидаги устувор йўналишлардан бири бу - ижтимоий соҳани ривожлантиришдир.
Қолаверса, кекса авлод вакилларига бўлган эътибор, уларни ҳар томонлама ижтимоий ва иқтисодий қўллаб-қувватлаш доимо давлатимиз раҳбарининг диққат марказида турибди.
Бироқ, бу соҳадаги айрим йўналишларда ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳамон мавжудлигини айтиб ўтишимиз керак.
Жумладан, ҳозирги кунда вилоятимизда 5 минг нафардан зиёдроқ ишловчи пенсионерлар бўлиб, уларнинг фақат 1 минг 978 нафари ёки 35 фоизи ўз пенсияларини тўлиқ миқдорда, қолган 3 минг 678 нафари ёки 65 фоизи пенсияларининг фақат ярмини, яъни 50 фоизини олиб келишмоқда.
Хусусан, муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил декабрь ойидаги қарорларига асосан 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб барча тиббиёт муассаларида ишловчи шифокор-пенсионерлар ўз пенсияларини тўлиқ олиш имкониятига эга бўлдилар.
Кейинчалик, жорий йилнинг ўтган даврида қабул қилган қарорлари асосида яна бир қатор тоифадаги ишловчи пенсионерлар - Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши тизимида ишловчи, нодавлат-нотижорат ташкилотларида ишловчи, шунингдек айрим тоифадаги ички ишлар органларининг пенсионерлари ва ҳарбий пенсионерларга ушбу имконият берилди.
Тўғри, Президентимизнинг жорий йил сентябрь ойидаги қарорлари билан умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларида ишловчи пенсионер педагог ходимлар ва тарбиячиларга ҳам 2019 йил 1 январдан бошлаб тўлиқ миқдорда пенсия тўланиши кўзда тутилган эди.
Лекин, муҳтарам Президентимизнинг ўзларининг 2018 йил 12 декабрда имзолаган Фармонлари билан 2019 йил 1 январдан бошлаб нафақат ушбу тоифадаги, балки барча тоифадаги ишловчи пенсионерларга пенсияларини тўлиқ миқдорда тўланадиган бўлди.
Бу эса, ўз навбатида, кекса ёшдаги фуқароларга пенсияга чиққандан кейин ҳам мамлакатимизнинг жамоат ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётида тенг иштирокини таъминлашга, ёшларга ўзларининг касбий маҳорати, бой ҳаётий ва меҳнат тажрибаларини сингдиришга имконият яратади.
Бундан ташқари, юқори иш ҳақи ҳисобидан пенсияга чиққан фуқароларимизга муносиб пенсия миқдорини белгилаш орқали ижтимоий адолат принципини қарор топтириш мақсадида ушбу фармонда пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдорини энг кам ойлик иш ҳақининг 8 баробаридан 10 баробаригача оширилиши ҳам белгиланди.
Амалдаги тартибга асосан, юқори миқдорда ойлик иш ҳақи олувчи фуқароларга пенсияни ҳисоблашда фақат энг кам ойлик иш ҳақининг 8 баробаригача бўлган даромади инобатга олиниб, ундан юқори қисми ҳисобга олинмас эди.
Мисол учун, ўртача ойлик иш ҳақи - 2 200 минг сўм ва иш стажи 35 йил бўлган фуқарога амалдаги тартиб бўйича пенсия ҳисоблашда 1621 минг сўм (энг кам иш ҳақининг 8 баробари) инобатга олинган (қолган қисми, яъни 579 минг сўм ҳисобга олинмаган), шундан келиб чиқиб ушбу сумманинг 55 фоизи, яъни пенсиянинг таянч миқдори (891 550 сўм) белгиланиб, талаб этиладиган (25 йил) дан ортиқча ишлаган 10 йилнинг ҳар бир йили учун 1 фоиздан қўшимча ҳисобланиб, пенсиянинг умумий миқдори 1 054 минг сўмни ташкил этар эди.
Янги тартиб бўйича эса, ушбу фуқарога ўртача ойлик иш ҳақи 1 621 минг сўм эмас, 2 027 минг сўм (ЭКИҲ нинг 10 баробари) миқдорида ҳисобга олинади. Бунда, пенсиянинг таянч миқдори 1 115 минг сўмни, ортиқча ишлаган йиллар учун қўшимчани ҳисобга олган ҳолда пенсиянинг умумий миқдори 1 317 минг сўмни ташкил этади ёки 263 минг сўмга ошади.
Шуни таъкидлаш керакки, бу фармон нафақат 2019 йил 1 январдан кейин пенсияга чиқувчиларга, балки ушбу тоифага тушувчи ҳозирги кунда пенсия олиб турган пенсионерларга ҳам тадбиқ этилади ҳамда уларнинг пенсиялари қайта ҳисоблаб чиқилади.
Бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, жами 23 минг 600 нафардан ортиқроқ пенсионерларнинг пенсия миқдорлари ошади.
Фармонда белгиланган тадбирларни амалга ошириш учун вилоятимиз бўйича 2019 йилда жами 6,6 млрд. сўм (шундан 50 фоиз пенсияни тўлиқ миқдорда тўланиши ҳисобига 1,7 млрд. сўм, пенсияни ҳисоб китоб қилиш учун иш ҳақини максимал миқдорини энг кам иш ҳақининг 8 баробаридан 10 баробарига оширилиши ҳисобига 4,9 млрд. сўм) миқдорида маблағ талаб этилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур харажатлар Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг 2019 йилги параметрларида кўзда тутилган бўлиб, Давлат бюджетидан қўшимча маблағ ажратишни талаб этмайди.
Равшанжон УЗОҚБОЕВ,
Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси
вилоят бошқармасининг
бўлим бошлиғи.
Нодирбек ИМИНОВ,
бошқарма бўлимининг бош мутахассиси.