Дастлаб у марказга ётқизилган беморлар ташхисини кўздан кечиргач, амалиётга киришди. Унга вилоят кардиология маркази шифокори, Абдусалом Хўжамбердиев ёрдамлашди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, жарроҳлик столига келтирилган беморларнинг барчасида операция муваффақиятли якунланди. Ҳаёти хавфдан қутилгач, реанимация хонасига ўтказилганлар атрофида яна врачу ҳамширалар парвона бўлишмоқда. Бу ердаги мураккаб операциялар туфайли ҳаёти сақлаб қолинаётган,умрига -умр қўшилаётган кишилар яқинларининг қувончлари ҳам бир олам. "Маҳорат дарслари" беморлар даволаш самарадорлигини янада ошираётгани катта аҳамиятга эга. Негаки юқори малака-юқори натижа эканлиги ҳаммага аввалдан аён.
Устоз жарроҳнинг мўъжизакор қўллари туфайли оғир юрак хасталикларидан фориғ бўлишган беморларнинг айримларини тилга олиб ўтайлик. Наманганлик 74 ёшли Акрамжон Акмалжонов, 53 ёшли Аъзам Маматов, 50 ёшли Баҳодир Аъламов ва фарғоналик 66 ёшли Набихон Исомиддиновларда аортакоронар шунтлаш операцияси уддаланди. Ҳозиргача бундай амалиёт 20 нафар беморда ўтказилди.
- Устоздан кўп нарсаларни ўргандик, - дейди мамнуният билан вилоят кардиология маркази бош врачи Нуриддин Баҳриддинов. - Врачларимиз бевосита амалиётда ёнма-ён турганликлари жарроҳлик жараёнининг энг нозик, энг мураккаб жиҳатларини чуқурроқ ўзлаштириб олишларига имкон берди. Шифокорлар аҳли билимларини тобора бойитишдан, ўз устиларида қунт билан ишлашдан асло тинмасликлари керак-да.
"Маҳорат дарслари"нинг назарий қисмига 18 нафар мутахассис таклиф этилди. Улар Аброр Мансуровнинг маърузасини тинглашиб, билим ва малакаларини янада оширишди.
Суратда: операция жараёни.
Рустамали МАМАДАЛИЕВ.
Муаллиф олган сурат.