Дунё тамаддунида мамлакатларнинг барча соҳалардаги ўзаро илмий-амалий, иқтисодий ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади. Жаҳондаги ҳеч бир давлат, ҳатто бугун энг тараққий топган давлатлар ҳам ўз ҳолича ривожланиб, шу даражага етмаган. Шу нуқтаи назардан бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан инвестиция, ижтимоий-маданий, фан-техника соҳаларида ривожланган мамлакатлар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш, жаҳоннинг илғор тажрибалари, фан-техника ютуқлари, интеллектуал салоҳиятидан фойдаланиш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада турли соҳаларда хорижлик мутахиссисларни ҳамкорликка жалб этиш кўзланган мақсадларга эришиш йўлидаги муҳим чора-тадбирлардан биридир.
Наманган шаҳридаги "ANAMED" диагностика маркази раҳбари Н.Абдуллахонов Президентимиз томонидан яратилаётган кенг имкониятлар баробарида раҳбарларга қўйилаётган шундай талабларга жавобан хусусий тиббиёт муассасалари орасида Фарғона водийсида биринчилардан бўлиб амалий қадамни ташлади. У ўзининг диагностика ва даволаш марказига ҳиндистонлик шифокор, доктор Парамжит Сингхни шартнома асосида ишга таклиф қилиб, эндокринология ва кардиология касалликлари бўйича Ҳиндистонга шифо излаб бориш мақсадида юрган юртдошларимизнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилишдек эзгу мақсадини рўёбга чиқарди.
Биз ҳиндистонлик шифокор доктор Парамжит Сингхни суҳбатга чорладик.
- Доктор Сингх, Ўзбекистонга биринчи марта келишингизми ёки илгари ҳам бўлганмисиз?
- Мен 2012 йилда биринчи марта Тошкентда конференция иштирокчиси ва сайёҳ сифатида бўлган эдим. Бу менинг ҳаётимда катта бурилишларга сабаб бўлган саёҳат сифатида ўчмас из қолдирди. Чунки, менда ўша саёҳат натижасида Тошкентда ўқиш истаги пайдо бўлди ва уч йил Тошкент тиббиёт академиясида таҳсил олдим. Кейин Ҳиндистонга қайтиб кетиб, хусусий клиникамни очдим. Бироқ негадир мени Ўзбекистон яна ўзига торта бошлади. 2015 йилда яна Ўзбекистонга келиб Самарқанддаги клиникалардан бирида ишлаб юрганимда "ANAMED" диагностика марказининг раҳбари билан танишиб қолдик ва бу менинг бугун шу марказда иш бошлашимга туртки бўлди.
- Мутахассислигингиз бўйича ўз юртингизда ўқиган бўлсангиз керак. Айтинг-чи, Тошкентда ўқишингизга нима сабаб бўлди?
- Албатта, мен тиббиёт йўналишидаги бакалавр дипломини Россиянинг Санк-Петербург тиббиёт институтида олганман. Кейин кардиология мутахассислиги бўйича Панжоб университетида магистратурани тамомладим. Дания, Швеция, Сингапурда ўқидим. Хуллас, 2003 йилдан буён ўқиш ва ишни баробар олиб юрибман. Тиббиёт соҳасида ўқиш ва изланишни асло тўхтатиш мумкин эмас. Тошкентда ўқишимга сабаб эса Ўзбекистон тиббиёт соҳасида янги изланишлар имкониятига эга, ўз устингда ишлашга рағбат уйғотадиган мамлакат деб билганимдир. Бугун Ўзбекистон тиббиёти ҳам моддий техник таъминот, ҳам ижтимоий сиёсат ва ҳам малакали мутахассислар кўпайиб бораётгани жиҳатидан асдойдил ишлайдиган соҳадир. Бу ерда ўзбек ҳамкасбларимиздан ўрганадиган томонларимиз ҳам кўп. Мен улар сафида ўзгача бир иштиёқ билан ишлаяпман.
- Даволаш усулингиз қандай?
- Анъанавий усуллардан фарқли равишда касалликнинг ўзини эмас, балки унинг илдизи ва асоратларини ҳам даволашга алоҳида эътибор қаратаман. Яна даволашда укол, осма укол каби инъектив игна санчиш усулларидан фойдаланмайман, фақат шифобахш гиёҳлардан тайёрланган таблеткалар билан даволайман.
- Намангандаги фаолиятингизнинг истиқболи ҳақида нима дейсиз?
- Эндокринология ва кардиологияни ривожлантириш, бу соҳаларда аҳолига жаҳон андозалари даражасида диагностика ва даволаш хизматлари кўрсатилишига ҳисса қўшиш. Ўзбек ва ҳинд халқи азалдан ўзаро бир-бирига талпинган, маданий алоқалари илдизи кўп асрларга бориб тақаладиган халқдир. Мамлакатингизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида бошқа соҳалардаги ҳамкорликларда ҳам кенг имкониятларни очмоқда. Мен бу тиббиёт марказига бир йиллик шартнома асосида ишга келган эдим. Назаримда умрбод қоладиганга ўхшайман. Ҳа, Ҳиндистонда ўзимнинг хусусий тиббиёт марказим бўлишига қарамай, Ўзбекистон мени оҳанрабодай ўзига тортаверади.
Шу ўринда "ANAMED" диагностика маркази ҳақида қисқача маълумот тақозо этилмоқда Тадбиркор Н. Абдуллахонов Наманган шаҳри марказида очган мазкур муссаса иш бошлаганига икки йил бўлди.
Икки йил давом этган бунёдкорлик ишлари натижасида замонавий архитектура, шаҳарсозлик талабларига тугал жавоб берадиган тўрт қаватли муҳташам бино қад ростлади. Унда жаҳоннинг энг илғор клиникалари андозалари асосида шарт-шароит ва имкониятлар яратилган. Масалан, эшиклари ҳам бино ичига ва ҳам ҳовлига очиладиган лифт шошилинч келтирилган беморларни доимо гавжум фойедан олиб ўтмасдан, машинадан тўғри лифтга олиб кириш имкониятини беради.
Нейрожарроҳлик, неврология, кардиология, урологияга ихтисослашган ушбу марказ энг илғор диагностика аппаратуралари ва бошқа тиббиёт ускуна ва жиҳозлари билан жиҳозланган. Жумладан, марказга келтириб ишга туширилган охирги авлод УТТ аппарати ташхис аниқлиги ва функционал имкониятлари нуқтаи назаридан мамлакатимизда қўлланилаётган саноқли ускуналардан биридир.
Шунингдек, марказнинг лаборатория, невропатология, радиология, эндокринология бўлимларида ҳам General elektrik, Simens каби машҳур компанияларда ишлаб чиқарилган тиббиёт техникалари воситасида юртдошларимизга юқори малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Кўчма рентгент, нейрожаррохлик столи, анестезиология ускунаси, микроиқлим ҳосил қилиш, ёритиш, сунъий нафас олдириш ва бошқа кўплаб йўналишлар бўйича энг замонавий қурилмалар билан жиҳозланган иккита жарроҳлик блокида беморларда жаҳон андозалари даражасида жарроҳлик амалиётини ўтказиш мумкин. Жонлантириш хоналари автоном коммуникация тизими билан таъминланган бўлиб, бу хоналарда муайян беморга қулай ва зарур иқлим шароити ҳосил қилиб берилади.
Бундан ташқари жорий йилда бу шифо масканига "Siemens Acison SC 2000" русумли кардиоУЗИ, Буюк Британиянинг "BTL" компаниясида ишлаб чиқарилган физиотерапия муолажаси ускуналари жамланмаси келтириб ишга туширилди. Ҳозирда 52 ўринли стационар даволаш бўлимида пардозлаш ишлари якунига етиш арафасида турибди.
Албатта, муассасада техник таъминот билан бир қаторда замонавий ускуналар билан ишлай оладиган малакали кадрлар жамоасини шакллантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бу борада илмий амалий ҳамкорлик бўйича Қозон шаҳрининг минтақалараро клиник диагностика маркази билан меморандум имзоланган бўлиб, ўтган давр мобайнида бир гурух шифокорлар у ерда 160 соатлик малака ошириш курсида малака ошириб қайтди ва улар ўзлаштирган билим ва маҳоратини ҳозир амалиётга татбиқ этиш баробарида ҳамкасбларига ҳам ўргатмоқда.
Бугун 25 киши иш билан таъминланган. Стационар ва физиотерапия бўлимлари ишга туширилиши билан яна 30 дан зиёд янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда. Марказ ўз фаолиятини бошлагандан буён ўтган қисқа вақт мобайнида икки мингдан зиёд беморга юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатилди.
Акрамжон САТТОРОВ.