Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 9 ноябрь куни соғлиқни сақлаш тизимидаги масалаларга бағишлаб ўтказган селектор йиғилишида қўйилган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда аҳоли орасида профилактик йўналишдаги тадбирлар кўламини кенгайтириш ва сифатини ошириш, патронаж ишларини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғ­лиқни сақлаш вазири "Патронаж ойлигини ўтказиш тўғрисида"ги 621-сонли буйруғини имзолади. Мазкур меъёрий ҳужжатга кўра 26 ноябрдан 29 декабргача давом этадиган "Патронаж ойлиги"да аҳолини патронаж хизмати билан тўлиқ қамраб олиш, унинг сифатини янада яхшилаш учун тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Ойлик уч босқичда амалга ошириляпти. Унда асосан фертиль ёшидаги аёллар, ҳомиладорлар, болалар билан биргаликда ўзгалар парваришига муҳтож бўлган шахслар, ёлғизлар, ногиронлар, сурункали касаллиги бор, ижтимоий ҳимояга муҳтож беморлар ҳолидан хабар олиш ва керакли тиббий-санитария ёрдами кўрсатишни таъминлаш кўзда тутилган.

Вилоятимизда ҳам бу борадаги амалий ишларга астойдил киришилган. Чунончи, патронаж ойлигининг биринчи ялпи тиббий хатлов босқичи 28 ноябрдан 1 декабрга қадар бўлиб ўтди. Бу жараён давомида хонадонлар тиббий-ижтимоий ҳолати ўрганилди. Касаллик келтириб чиқарувчи омиллар ва уларни бартараф этиш чора-тадбирлари белгиланди.

Тадбирнинг 5 декабрдан бошланиб, 12 декабр­га қадар давом этган иккинчи босқичида ҳам вилоятимиз тиббиётчилари ўз вазифаларини сидқидилдан бажаришди. Саломатлик посбонлари мақсадли патронаж билан қамраб олиниши зарур бўлганларнинг ҳар бирини ҳолидан хабар олишиб, касалликлар профилактикаси ва соғлом турмуш тарзи бўйича тарғиботни кучайтиришди. Шу билан бир қаторда вилоятдаги барча даволаш-профилактика муассасалари, диспансерлар, кўп тармоқли марказий поликлиникалар тор соҳа мутахассислари томонидан бирламчи тиббий босқичда аниқланган мураккаб, оғир ва ноаниқ беморларни амбулатор поликлиника ёки беморларнинг уйларида текширув ва кўриклардан ўтказишяпти. Энди улар томонидан аниқланган беморлар вилоят ва республика даражасидаги текширув ва даволаш учун танлаб олинмоқда.

Наманган тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 11-қишлоқ оила поликлиникасида ҳам мазкур жараён қизғин давом этмоқда.

- Ойлик давомида жаъми хонадонлар тўлиқ хатловдан ўтказилди, - дейди ҚОП статисти Назокат Нуриддинова. - Фертиль ёшидаги аёллар, ҳомиладорлар, ўзгалар парваришига муҳтожлар, ёлғиз ва ногиронлар, сурункали касаллиги бор, ижтимоий ҳимояга муҳтож беморлар 2000 нафардан зиёдлиги аниқланди.

Биз умумий амалиёт шифокори Матлуба Парпиева, патронаж ҳамшираси Одина Холмирзаевалар билан биргаликда Янги­йўл кўчасида яшовчи парваришга муҳтож Сотволди Валиев хонадонида бўлдик. Шифокор отахоннинг қон босимини ўлчади. Асаб тизимига оид шикоя­тини тинглаб, керакли муолажалар буюрди. Шундан кейин Маҳмуда Собирова хонадонига йўл олинди. Чилла давридаги чақалоқ Нурмуҳаммад Эргашалиев ва унинг онаси Дилноза Жўрахоноваларнинг саломатлиги текширувдан ўтказилди. Сўнгра 2-гуруҳ ногирони Отабек Султоновлар хонадонига кириб борилганида хонадон аъзолари шифокорларни мамнунлик билан кутиб олишди. 5 нафар киши рўйхатда турадиган мазкур оиланинг 3 нафар аъзосига ногиронлик белгиланган экан.

- 385 нафар аниқланган мақсадли патронажларнинг барчасини кўрикка жалб этяпмиз, - деди Матлуба Парпиева. - Хонадонларда тиббий ижтимоий муаммолар ўрганилган тақдирда, маҳалла фаоллари билан биргаликда уларни бартараф этиш чоралари изланяпти.

Маълумот ўрнида шуни қайд этиш жоизки "Патронаж ойлиги"нинг 3-селектив босқичи 17 - 22 декабрь кунлари бўлиб ўтади. Унда иккинчи бос­қичда аниқланган ёрда­мталаблар Республика ихтисослашган тиббиёт марказларининг мутахассислари томонидан кўриб чиқилади. Мураккаб, оғир ва ноаниқ касаллиги бор эҳтиёжманд оиладаги беморларга аниқ ташхис қўйилади. Уларни даволаш усуллари белгиланади.

Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш ва халқимиз ишончини оқлаш йўлидаги мақсадли ва ҳайр­ли тадбирларда вилоятимиз саломатлик пос­бонлари ҳар доимгидек фаол бўлишаверади.

Манзура ЭРГАШЕВА.