Ая билан учрашгунимизга қадар улар ҳақида кўпгина ривоятомуз гапларни эшитгандик. Эмишки, ая жуда қўли енгил шифокор, ҳузурларига киришингиз билан тиш оғриғингиз таққа тўхтайди, афсунгарлар сингари кўзни юмиб- очгунча даволанадиганини даволаб, оладиганини олиб, хушчеҳра билан кузатиб қоладилар. Дарвоқе, яна тиш қатори йўқ бўлса, протезларни ҳам қўйиб берадилар.

Тўғриси, шундан кейин шифокор билан бир кўришгимиз, суҳбатлашгимиз келди. Ҳамидахон ая раҳбарлик қилиб келаётган "Жавлон стома сервис" МЧЖга йўл олдик. Борсак, қабулларида одам кўп эди. Айниқса аёллар. Кўнглимиздан бир савол ўтди: Нега тиши оғриганлар бунча кўп?

Ниҳоят саволларимизга бирма-бир жавоблар олдик:

-1981 йили Тошкент давлат тиббиёт олийгоҳини стоматология йўналиши бўйича ўқиб тугатганман.

- Аввал вилоят марказидаги поликлиникада интернатурани ўтаб, кейин туман тиббиёт бирлашмаси поликлиникасида иш бошла­ганман.

- 2007 йили олий тоифага эга бўлдим. Бу вақт оралиғида "Тиш қаттиқ тўқималари касалликлари, кариеси ва унинг асоратлари" соҳаси бўйича малака ошириб келдим. 2004 йилдан 2013 йилгача бош врач вазифасида фаолият юритдим.

Аянинг жуда хушмуомала, ширинсухан, ҳурмат-эътиборли эканликлари беҳад диққатимизни торт­ди. Фурсатдан фойдаланиб, боя дилимиздан ўтган саволни бердик.

- Афсуски шундай. Тиш-бошқа суяклар сингари қаттиқ бўлиши баробарида-анчагина мўрт аъзо. Уни авайламасак, у ҳам бизларни аямайди, азоблайди.

"Жавлон стома сервис" МЧЖда Ҳамида ая билан биргаликда фаолият олиб бораётган юқори малакали врачлар Қирғизбой Имомов, Азизхон Тожибоев, олий тоифали ҳамшира (стерелизатор) Маҳфузахон Раҳмонова, ҳамшира Дилшода Аббосбекова, ҳамшира Олима Хўжабекова, коллежни янги битирган ёшлардан Лайло Асқарова, техник ходимлардан Ҳасанхон Пўлатов ва Баҳром Нажмиддинов кабиларнинг хизматлари ҳам элга ҳамиша маъ­қулдир. Энг муҳими, уларга етарли шароит ва имкониятлар яратиб қў­йилган. Чунки 2015 йили мазкур муассаса биноси мукаммал таъмирланиб, керакли замонавий аппаратуралар ўрнатилиб берилган.

Ҳамидахон Нажмиддинова Муродхон ака билан ғоят аҳил-иноқ яшашарди. Афсуски, Наманган муҳандислик-қурилиш институтида ўқитувчи бўлиб ишлаб юрган турмуш ўртоқлари 2014 йили 57 ёшларида касаллик туфайли вафот этган.

- Муродхон ака билан бир қизу икки ўғилни вояга етказдик, - дейдилар ая. - Фарзандларимиз учови ҳам олий маълумотли. - Қизим Дилафрўз педагог. У тумандаги 1-мактабда бошланғич синф муаллимаси. Жамшидхон эса - Тошкент олий молия институтини тамомлаган. Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирлигида бош ҳисобчи бўлиб ишлаб келмоқда. Кенжам Жавлонхон бир йўла икки олийгоҳда таълим олмоқда. Техника университети ҳамда Тошкент фармацевтика институтининг охирги босиқич талабаси. Ҳозирча 7 нафар набирам бор. Улар-Дилшода, Муаттар, Моҳинахон, Фирдавс, Хусрав, Мафтуна ҳамда Софияхонлар...

Ая халқ ишончини қозонган, ташкилотчи ва ташаббускор врач сифатида туман Кенгаши депутатлигига бир неча бор сайланганлар. Ободончилик тадбирларини амалга оширишга бош-қош бўлганлар.

Янги йил арафасида Ҳамидахон Нажмиддиновадан байрам тилакларини изҳорлашни сўраганимизда мамнун жилмайиб, аста истакларини баён этдилар:

- Мен кузатилаётган йилимизда орзу қилиб юрган ниятимга эришдим. Яъни баҳорги Ҳаж мавсумида улуғ ибодатни адо этиш насиб этди.

Янги 2019 йилда аввало юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин. Ҳар бир ўзбек оиласи учун бахту - саодат келтирсин.

Ая она Ватанимиз равнақи йўлидаги ҳалол ва фаол хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, Косонсой туман ҳокимлиги, туман тиббиёт бирлашмаси томонидан қатор Фахрий ёрлиқлар, диплом, ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланганлар. Энг муҳими, хизматларидан ҳамиша хал­қимиз розидир.

Абдуллоҳ РАМАЗОНОВ.