Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида 3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни муносабати билан мароқли тадбир ташкилланди. Унга шифохонада даволанаётган ногирон болажонлар ва уларнинг ота-оналари таклиф қилинди.
Бош врач Абдумалик Раҳмонов ўғил-қизларни қутлуғ сана билан табриклаб, Президентимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар тўғрисида сўзлади. Кўп йиллардан буён 1-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаби жамоаси ушбу санада болалар учун турли ўйинчоқлар, ўқув қуроллари ва кийим-кечаклар ҳадя этиб келишади. Бу йил ҳам ушбу анъана давом эттирилди. Ўқувчилар томонидан ижро қилинган шўх куй-қўшиқлардан болажонлар беҳад хурсанд бўлишди. Бош шифокор мазкур мактаб директори Умида Набиевага алоҳида миннатдорчилик билдириб, "Ташаккурнома" ёрлиғини топширди.
Донорлар акцияси
Шунингдек, ушбу тиббиёт марказидаги яна бир тадбир барчани эзгу ва хайрли ишга йўллади. Вилоят қон қуйиш маркази жамоаси Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда шифохонанинг гематология бўлимида беғараз донорлик акциясини ташкил этишди.
- Акцияда фаол донор бўлиш учун дўстларим билан биргаликда келиб қон топширяпмиз, - деди Сайдуллохон Баҳриддинов. - Бизнинг қонимиз қайсидир бемор болаларга шифо бағишлар экан, бундан бағоят мамнун бўламиз.
Дарҳақиқат, ушбу акцияда вилоятнинг турли шаҳар ва туманларида, чекка-чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари, турли касб эгалари иштирок этишди. Вилоят силга қарши кураш диспансери, 10-оила поликлиникаси ва вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази жамоалари айниқса фаол бўлишди.
Манзура ЭРГАШЕВА.