ёхуд таъмагирлик ва порахўрликнинг пойини қирқиш пайти келди

Ҳаётнинг ҳаловати ва гўзаллиги ҳалол ризқ­дан барқарорлик ва бардавомлик касб этади. Одамлар ўртасидаги меҳр-оқибат бетаъма ва беминнат бўлсагина, самимий муносабатлардан кўнгиллар равшан тортади. Яхшилик ҳеч қачон ерда қолмайди. Кимгадир сиз ёрдамингизни аямасангиз, кун келиб ўша кишидан бўлмаса ҳам кимдандир яхшилик кўрасиз. Қалбингизни қувончлар тарк этмайди. Аксинча, қўлингиздан бир иш келсаю, унинг ортида шахсий манфаатингиз ётса, янаям очиқроғи, хизмат вазифангиз ваколатидан нафсингизни қондириш йўлига ўтсангиз борми, бугун бўлмаса, эртага ҳаётингиздаги ҳузурни йўқотади, бошингизга кулфатлар ёғдиради. Кейинги афсус-надоматларингиз ҳеч фойдасиз. Барибир қонун олдида жавоб беришингиз шарт. Чунки бундай хатти-ҳаракатлар сира кечирилмайди, қонунга мувофиқ жазо тайинланади.

Айниқса олий маълумотли мутахассис, обрў-эътиборли раҳбар мақомидаги шахсларнинг порахўрлиги наинки ўзига, балки жамият тараққиётига ҳам зиён етказади. Адолат тамойиллари бузилиб, баъзиларнинг "узатиб" иш битириш асносида нафс бандалари тегирмонига сув қуйилишидан ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилувчиларнинг манфаатига жиддий путур етказади. Давлат муассасаларидаги раҳбарларга нисбатан одамларнинг ишончи йўқолади. Шунинг учун Президентимиз Шавкат Мирзиёев айтганларидай: "Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо албатта муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўришимиз зарур". Бунга эса қонуний асослар етарли. Чунончи, Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-2752-сонли Қарори ана шулар жумласидандир.

Энди шу нарса маълумки, янги қонун билан аввалдаги Жиноят кодексининг 211, 212- моддаларига ўзгартириш ва аниқлик киритилган. Яъни пора берувчи ва пора олиш-беришда воситачилик қилувчи шахслар учун белгиланган мазкур рағбатлантирувчи қоиданинг қўллаш асослари чегаралаб қўйилди. Бундан буён пора берувчи ва пора олиш-беришда воситачилик қилувчи шахслар порахўрлик жинояти ҳақида ҳар қандай вақтда хабар берганлиги учун жавобгарликдан озод этилмайдилар. Балки, жиноий ҳаракатлар содир этилганидан сўнг, ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилсагина жавобгарликдан озод қилинади.

Мазкур қонундан кўзда тутилган мақсад коррупциянинг, айниқса порахўрлик жиноятларининг туб илдизини қирқиш, жиноят содир этган мансабдор шахс­ларни жиноий жавобгарликка тортиш ва бу турдаги жиноятлар учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш баробарида жамиятда қонун ва адолат устуворлигига эришишдир.

Соғлиқни сақлаш тизимидаги муассасаларда таъмагирлик ва порахўрлик ҳолатларининг ҳамон учраб тургани ғоят ташвишлидир. Мисол учун Норин туман тиббиёт бирлашмасининг собиқ раҳбари Мухтор Темиров шу йилнинг 10 мартида ўзини бадном этди. 200 АҚШ доллари эвазига ишсиз юрган ҳамширани ишга қабул килишга шартлашиб, порани олганида қўлга туширилди. Буни қарангки, у ТТБ бошлиғи вазифасига тайинланганига йил ҳам тўлиб-тўлмаган эди.

Мухтор Темировнинг ўз шаънини порахўр деган иснодли атама билан булғаганига таажжубда қолмай иложимиз йўқ. Ахир у юзлаб врачу, ўрта тиббиёт ходимларининг етакчиси бўла туриб, нафс бандасига айланди. Арзимаган долларни деб бутун ҳаёти давомида эришган мавқе- мартабасини бир кундаёқ бой берди. У шарафли касбни эгаллаш ниятида неча йиллаб ўқиганди. ТТБ бошлиғи ўринбосарлигигача камолат касб этиб, барчанинг ишончини қозонгандан кейингина бош врачликка лойиқ топилганди. Норинликлар уни туман Кенгаши депутати этиб сайлашганди. Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси туман Кенгаши раислигини ҳам бажарарди. Ҳаммасини барбод қилди. Обрўсини ҳам, мартабасини ҳам, эркини ҳам.

Яқинда яна бир кўнгилсиз ҳолат рўй берди. Вилоят кардиология марказида етти йилдан бери қоровул бўлиб ишлаб келаётган Бахтиёрнинг "бахтиёр"лиги узоққа чўзилмади. Иш ахтариб юрган қизнинг соддалигидан фойдаланиб, "бўш турган" фаррошлик штатига қабул қилиш учун ундан 100 доллар "шапка" сўради. Ҳатто иш бошлашининг аниқ вақтини айтиб, сохта, лекин ишончли ваъдани дўндирди. Воситачи ва орачилик "сердаромад"лигини кўрибоқ фаолиятини яна давом эттирди. Фаррошликни истаган 10 нафар қиздан 100 доллардан "хизмат ҳақи"ни аввалдан олиб тезда "бойиди". Бироқ бу пуллар яхши кунларига ярамади, аксинча бошига бало ёғдирди. У уч йилга озодликдан маҳрум этилди.

Президентимиз Шавкат Мир­зиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида алоҳида уқтирилганидай: "Коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракат қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз".

Порахўрлик ҳам, пора бериш ҳам, орачилик қилиш ҳам жамиятимиз учун катта зиён етказади. Бундай ҳолатлардан асло-асло кўз юмолмаймиз. Агар ҳар биримиз атрофимизга ҳушёр боқсак, нафс қутқусида юрганларни тартибга чақирсак, уларга йўл бермасак - коррупцияга тўсиқ қўйишга ҳисса қўшган бўламиз.

Содиқ САЙҲУН.