Вилоятимизда аҳоли репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш борасида изчил ва тизимли иш олиб борилмоқда. Айни кунларда "Патронаж ойлиги" доирасида бу саъй-ҳаракатлар фаоллаштирилаётган бўлса, ҳудудларда кечаётган анжуманларда"Қизлар саломатлиги марказлари" ҳамда "аёллар маслаҳатхоналари"ни давр талаблари даражасида шакллантириш масалаларига эътибор қаратилаётир.
Тўрақўрғон тумани кўп тармоқли марказий поликлиникасида бўлиб ўтган тадбир ҳам ана шу мақсадда уюштирилди. Инвестиция дастурига мувофиқ эндигина реконструкциядан чиқарилган муҳташам бинода очилган ўсмир қизларга тиббий хизмат кўрсатувчи янги маскан, шунингдек, "Аёллар маслаҳатхонаси бўлими"нинг иши анжуман қатнашчиларига амалий тарзда кўрсатилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг Оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосари Лайло Аҳмедова йиғилганларга вазирликнинг тегишли буйруғидан келиб чиқадиган вазифалар ҳақида гапириб берди.
Мингбулоқ туманидаги Гулбоғ қишлоғида жойлашган 10-оила поликлиникасида ўтказилган семинар эса мазкур тузилмаларнинг ҚОП шароитидаги фаолиятини йўлга қўйиш мавзусини қамраб олди. Ушбу қишлоқ оилавий поликлиникаси мудири Руқияхон Ҳакимова маърузасида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "Ўзбекистон Республикасида аёллар, болалар ва ўсмирларга самарали акушер-гинекологик хизматни ташкиллаштириш ҳамда кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада ошириш тўғрисида"ги 386-сонли буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида олиб борилаётган ишлар изоҳланди.
Анжуман ниҳоясида вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Ирода Қўчқорова, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминовлар "Қизлар саломатлиги маркази" ва "Аёллар маслаҳатхоналари" фаолияти натижадорлигига эришиш юзасидан топшириқлар беришди.
Севара ҒОЗИЕВА.