(Давоми. Бошланиши ўтган сонларда).

Фуқароларнинг бурчлари қаторида уларнинг табиатга бўлган муносабати алоҳида ўрин тутади. Чунки, инсон атроф муҳит билан узвий боғлиқликда кун кечиради. Агар борлиққа нисбатан нотўғри муносабат кўрсатилса, бунинг оқибати жамиятга ва аҳолига катта зарар етказиши мумкин. Шуни ҳисобга олиб, Бош қонунимизнинг 50-моддасида қуйидагилар ёзиб қўйилган: "Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар". Биз ўз ҳуқуқларимизни билган ҳолда мана шундай мажбуриятимизни ҳам ҳеч қачон унутмаслигимиз керак.

Мамлакат иқтисодий ҳолатини барқарор ушлаб туриш учун солиқлар жорий қилинган. Уларни тўлаш ихтиёрий эмас, балки шарт қилиб белгиланган. 51-моддада ёзилганидай: "Фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурдирлар". Солиқ деганда Солиқ кодексида белгиланган, муайян миқдорларда ундириладиган, мунтазам, қайтариб берилмайдиган ва беғараз хусусиятга эга бўлган, бюджетга йўналтириладиган мажбурий пул тўловлари тушунилади. Бундай тўловлардан бош тортиш асло мумкин эмас.

Ватан тинчлиги юрт тараққиёти ва фаровонлиги асосидир. Мазкур масала Ўзбекистон Республикасида яшовчи фуқароларга доимо дахлдор. Сарҳадларимизни қўриқлаш билан халқимиз тинч ва осойишта яшаши ва ишлаши кафолатли бўлишига эришиш шуни тақозо этади. Конституциямизнинг 52-моддасида бу аниқ ва равшан ўз ифодасини топган. "Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш - Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар". Биз яхши биламизки, ҳар бир йигит учун ҳарбий мажбуриятни адо этиш шарафли ва фахрли ҳисобланади. Улар юрт посбони бўлишдан ғоят ғурурланадилар. Давлатимиз томонидан эса, юрт тинчлиги учун хизмат қиладиган ҳарбийларга катта ғамхўрлик кўрсатилади ва зарур имтиёзлар яратиб берилган.

Юқоридагилардан хулоса шуки, фуқароларнинг бурчларига садоқатлари юртнинг бугунидан эртаси порлоқ бўлишини таъминлайди. Ҳуқуқлардан фойдаланаётган ҳар бир киши бурч­ларини ҳам ўз вақтида, аъло даражада бажаришлари уларнинг ватанпарварлик ва халқпарварлик хислатларининг амалдаги ёрқин ифодасидир.

Конституциянинг "Учинчи бўлим"и "Жамият ва шахс" масаласига бағишланган. XII бобда "Жамиятнинг иқтисодий негизлари" ҳақида фикр юритилади. 53-моддада таъкидланганидай: "Бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди...". Натижада эркин рақобат асосидаги меҳнат йўлга қўйилиб, халқ учун, бозор учун зарур маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Моддий неъматлар тўкинлиги яратилади. Шунингдек, давлат хазинасига белгиланган миқдордаги солиқ келиб тушади.

Бош қонунимизнинг 55-моддаси янада эътиборли. Унда: "Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир" деб қайд қилиб қўйилган. Демак, юртимиз бойликларидан мақсадга мувофиқ, қонун талабларига риоя қилган ҳолда фойдаланиш лозим. Бу бойликлар талон-тарож қилиниши қатъиян таъқиқланган. Давлат томонидан изчил назорат олиб борилади.

Конституциямизнинг XIII боби "Жамоат бирлашмалари" деб аталган. Маълумки, жамоат бирлашмаларига касаба уюшмалари, сиёсий партиялар, олимларнинг жамиятлари, хотин-қизлар, фахрийлар ва ёшлар ташкилотлари, ижодий уюшмалар, оммавий ҳаракатлар ва фуқароларнинг бошқа уюшмалари киради. Мустақил мамлакатимизда жамоат бирлашмалари кучидан юрт тараққиёти, халқ манфаатлари учун оқилона ва самарали фойдаланиб келинмоқда.

58-моддада уқтирилганидай: "Давлат жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқий ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлайди, уларга ижтимоий ҳаётда иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб беради.

Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жамоат бирлашмалари фаолиятига аралашишига, шунингдек жамоат бирлашмаларининг давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди".

Албатта, жамоат бирлашмалари ўз ваколатлари ва ҳуқуқлари доирасида юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга ўзларининг салмоқли ҳиссаларини қўшмоқда. Касаба уюшмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ва манфаатларини изчил ҳимоя қилаётир. Сиёсий партиялар эса мамлакат ҳаётида фаол иштирок этмоқда.

Бош қонунимизнинг 61-моддаси диний масалаларни тартибга солади. Чунончи: "Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмайди" деб белгиланган. Мазкур модда фуқароларнинг эътиқод эркинлигини кафолатлайди. Лекин ҳамма ҳаракатлар амалдаги қонунлар доирасида олиб борилиши шарт.

Конституциямизнинг XIV боби "Оила" масаласига тааллуқли 4 та моддани ўз ичига олган. Унда оила жамиятнинг асосий бўғини эканлиги ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эгалиги кўрсатиб ўтилган. Ота-оналарнинг ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурликлари қонунан белгилаб қўйилган. Фарзандларнинг эса ота-оналари насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар қонун олдида тенгликлари кафолатланган. 65-моддадаги: "...оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади" дейилишида катта маънолар мужассам. Шу боис тиббиёт соҳасида оналик ва болалик муҳофазасига доир қатор дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда.

66-модда алоҳида диққатга ва аҳамиятга молик. "Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар" деб кўрсатилгани бу борада фар­занд­ларнинг масъулиятини янада ошириб туради. Аслида ҳам миллий менталитетимизга кўра кичиклар катталарнинг ҳурмат-эҳтиромини ўз ўрнига қўйишлари қадриятга айланган. Афсуски, айрим фарзандлар ноқобил чиқиб, ота-оналарини ёлғиз ташлаб қў­йишлари учраб туради. Эндиликда бу ножўя хатти-ҳаракатларга ушбу модда талабидан келиб чиқиб тегишли чоралар кўрилади.

Биз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллиги санасига тобора яқинлашяпмиз. Бахтимиз қомуси бизларнинг бугунимиз ва эртамизни ҳамиша кафолатлаб турганлиги учун барчамиз бирдай қонун устуворлигини таъминлаш йўлида астойдил жон куйдиришимиз мақсадга мувофиқдир.

Манзура АБДУЛЛАЕВА.