Наманган вилояти мамлакатимиздаги аҳолиси зич, малакали ишчи кучларига эга ҳудудлардан. Бу ерда хусусий тадбиркорлик ҳамда кичик ва ўрта бизнес секторини ривожлантириш билан бир қаторда йирик саноат корхоналарини барпо этиш, саноат вилоятига айлантириш йўлида муҳим қадамлар қўйилмоқда. Албатта, бу борада ички ресурслар билан бир қаторда хорижий инвестицияларни жалб этган ҳолда иш ташкил этиш, сармоядорларга солиқ ва божхона имтиёзлари бериш, қулай шарт-шароитлар яратиш муҳим аҳамиятга эга.
Рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, мустақиллик йилларида биргина вилоятда "Косонсой-фарм", "Наманган" эркин иқтисодий зоналари, 10 та кичик саноат зоналари фаолияти йўлга қўйилди. Хорижий инвестиция иштирокида 133 та корхоналар ишга туширилди. Шундан 17 таси Жанубий Корея инвесторлари билан ҳамкорликда дунё бозорлари талаби даражасида маҳсулотлар ишлаб чиқараётган саноат ўчоқларидир.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 - 25 ноябрь кунлари Жанубий Корея Республикасига амалга оширган давлат ташрифи, маҳаллий ишбилармон ва тадбиркорлар билан ўтказилган бизнес форумда қилган мурожаати, икки давлатлар ўртасида имзоланган истиқболли шартномалар, Республика Ҳукумати томонидан амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар бугун ўз самарасини бермоқда. Бир сўз билан айтганда, кўплаб ривожланган давлатлар қатори Жанубий Корея Ўзбекистоннинг ишончли савдо ва инвестициявий шеригига айланмоқда. Буни мамлакатимизга ушбу давлат инвесторлари томонидан шу кунгача тўғридан-тўғри йўналтирилган инвестициялар ҳажми 7 миллиард доллардан ортгани, жорий йилнинг ўтган даврида икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси 34 фоизга ошиб, 1,28 миллиард долларни ташкил этгани ҳам яққол тасдиқлаб турибди.
Жорий йилнинг 17 ноябрь куни Наманган вилоят ҳокимлигида "HYUNDAI" тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича инвестицион шартномани имзолаш маросими бўлиб ўтди. Уни Ўзбекистон Республикаси томонидан - вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича Давлат Қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов, Жанубий Корея Республикаси томонидан - "Hyundai Motor" ижрочи вице-президенти Ли Ин Чэол, "Posco-Daewoo corporation" компанияси вице президенти Ли Санг Хун, "Evergreen Motors" компанияси Президенти Ким Чанг Кеон имзолади.
Шу куни Тўрақўрғон туманининг Еттикон маҳалласи ҳудудида "HYUNDAI" тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш заводи биносига таъмал тоши қўйиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Тадбирда инвесторларнинг кенгайтирилган гуруҳи ҳамда Малайзия, Индонезия, Хитой Халқ Республикаси ва Таиланд давлатларидан завод қурилишида иштироқ этадиган ҳамкорлар ҳам ҳозир бўлдилар. Унда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Жанубий Корея Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Квон Ён У ва вазирликлар ҳамда жамоатчилик вакиллари сўзга чиқди.
Жанубий Корея Республикасининг энг таниқли 3 та компаниялари томонидан барпо этилиб, 2019 йилнинг сентябрь ойида ишга тушириладиган бу корхонада дастлаб янги 150 ишчи ўрни яратилади. Йилига 400 та кичик юк машиналари, микроавтобус ва автобуслар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади. Босқичма-босқич бу кўрсаткич 2500 тага етказилади. Қисқа фурсат ичида энг камида 50 фоиз эҳтиёт қисмларни шу ернинг ўзида ишлаб чиқарадиган йўлдош бинолар ҳам барпо этилади. Мингдан зиёд фуқаролар муқим иш жойи билан таъминланади.
Равшанбек МИРЗАОЛИМОВ.