Наманган шаҳридаги 3-оилавий поликлиникада аёллар, болалар ва ўсмирларга самарали акушер-гинекологик хизматни ташкиллаштириш ҳамда кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини ошириш масалаларига бағишланган анжуман ўтказилди. Унга шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари бошлиқларининг оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосарлари, КТМПлар мудирлари,  акушер-гинекологлари ва бош ҳамширалари таклиф этилди.

Кўргазмали анжуманда бирламчи тиббий ёрдам тизимида ҳомиладорларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, оналар саломатлигини  мустаҳкамлаш, оналар ва болалар ўлимини камайтириш, қиз болалар ва ўсмир қизларга юқори технологик, ихтисослаштирилган малакали тиббий ёрдам кўрсатишнинг замонавий инфратузилмасини ривожлантириш, оилада соғлом турмуш тарзини шакллантириш каби вазифалар ижросини таъминлаш тажрибаси оилавий поликлиника мисолида талқин қилинди.

Маълумки, бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар баробарида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида вужудга келадиган "Қизлар саломатлиги марказлари" ва "Аёллар маслаҳатхоналари" фаолиятини тартибга солувчи Низомлар ишлаб чиқилган. Мазкур тиббиёт масканида айнан ана шу икки тузилманинг ишини қай тарзда ташкилланиши амалий тарзда кўрсатилди. Жумладан, биринчи қаватда  "Қизлар саломатлиги маркази" очилган. Янгиликнинг моҳияти шундаки, ушбу хизмат қиз болалар ва ўсмир қизларга юқори малакали гинекологик ёрдам кўрсатишга ихтисослашган.

Поликлиника  умумий амалиёт шифокори Шоира Иминжонова қатнашчиларга марказнинг фаолияти ҳақида тушунча берди. Унинг таъкидлашича, тузилмада  ҳудудда яшовчи қизларнинг маълумотлар базаси яратилган. Уларнинг рўйхати тузиб чиқилган. Саломатлик ҳолати чуқур ўрганилиб, гуруҳларга ажратиб олинган. "Назорат ойнаси"да эса уларнинг соғ­лигига оид маълумотлар акс этиб туради. Марказга ташриф буюрувчи қизларни тиббий кўрикдан ўтказиш учун кўрув  ва педиатр хонаси ва бошқа шароитлар яратиб қўйилган. Педиатр Саида Тошматова   18 ёшгача бўлган қизлар саломатлигини мунтазам кузатиб боради ва уларга зарур тиббий ёрдамларни кўрсатади.

Муассасанинг иккинчи қаватида эса "Аёллар маслаҳатхонаси бўлими" фаолият олиб бормоқда. Бўлим раҳбари, акушер-гинеколог Маъмура Дадахонова анжуман иштирокчиларига ушбу тузилманинг мақсад ва вазифалари ҳақида батафсил маълумот берди. Жумладан, бўлимда фертил ёшдаги аёлларга ҳомиладорликка қадар, ҳомиладорлик даврида ва фарзанд кўрганидан сўнг акушер-гинекологик тиббий хизмат кўрсатилади.

Ҳудудда истиқомат қиладиган аёлларга оид маълумотлар жамланган. Маҳаллалар кесимида ҳомиладор аёлларнинг саломатлиги ҳолати мониторинг қилиб борилади. Мутахассисларнинг таҳлиллари асосида ҳомиладорликнинг кечишига қараб вилоят перинатал марказига ёки туғруқ комплексларига йўналтирилади.  Оилани режалаштириш, соғлом турмуш тарзи, соғлом овқатланишни тарғиб қилиш ва контрацепция воситалари билан қамраш ишлари олиб борилади. "Ёш оналар мактаби" машғулотларида эса ҳомиладорлик даврида овқатланиш, кийиниш ва юзага келиши мумкин бўлган ўзгаришлар ҳақида маслаҳатлар  олинади.

Тадбирнинг назарий қисмида эса поликлиникада кўрсатилган жараёнларни ташкиллаш масалалари муҳокама этилди. Уни Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг Оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосари Зафар Раҳмонов олиб борди. Вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Лайло Аҳмедова Президент Фармон ва қарорларида қайд этилган  аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш билан боғлиқ вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган вазирликнинг "Ўзбекистон Республикасида аёллар, болалар ва ўсмирларга самарали акушер-гинекологик хизматни ташкиллаштириш ҳамда кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада ошириш тўғрисида"ги 386-сонли бўйруғининг мазмун-моҳияти ҳақида тўхталди.

З-оилавий поликлиникада  бу йўналишда олиб борилаётган ишлар ҳақидаги маъруза слайдлар воситасида ўқилди. "Қизлар саломатлиги марказлари" шаҳар ва туманлар кўп тармоқли поликлиникаларида, оилавий поликлиника ҳамда қишлоқ врачлик пунктларида қандай тартибда иш олиб бориши ҳақида тавсиялар,  Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг қуйи бошқарув органларида "Тезкор алоқа" тизимидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш юзасидан топшириқлар берилди.

- Ҳудудий  "Қизлар саломатлик марказлари"ни йўлга қўйиш - давр талаби. Миллатимиз генафондини яхшилаш аёллар саломатлигига кўп жиҳатдан боғлиқ. Бугунги қизларимиз эртага она бўлишади. Шундай экан, аввало қизларимиз саломатлигини мустаҳкамлаш  ғоят долзарб вазифа. Янги марказлар эса бу борадаги ишларимизга янги мазмун ва маъно бағишлайди, саъй-ҳаракатларимиз натижадорлигини таъминлашга хизмат қилади, - дейди бошқарма бош мутахассиси Лола Улуғбоева.

Кўргазмали анжуманда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов иштирок этди.

Абдулла ҒОЗИЕВ.