Мамлакатимизда ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдин олиш бўйича профилактик тарғибот изчил амалга ошириб келинмоқда. Бу хусусда бир неча меъёрий ҳужжатлар ҳам қабул қилинган. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 январдаги "Ўзбекистон Республикасида одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3493-сонли қарори қабул қилинганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Мазкур қарор ижроси доирасида "2018 йилда Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекциясига қарши курашиш Давлат Дастури" тасдиқланди. Жорий йилнинг 1 июлидан ОИВ инфекциясига ташхис қўйиш билан шуғулланувчи туманлараро диагностика лабораториялари худудий ОИТСга қарши кураш маркази таркибига киритилди.
Мазкур қарорда ОИВ инфекциясининг олдини олиш ва аҳолини ушбу ҳасталикдан ҳимоя қилиш чора тадбирларининг самарадорлиги ва сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Вилоятимизда ОИВ инфекцияси бўйича 160 минг нафардан зиёд фуқаро текширувдан ўтди. Бу кўрсаткич ўтган йилларга қараганда 1,5 марта кўпдир. Биз текширувлар кўламини янада кенгайтиришга ҳаракат қиляпмиз.
ОИВ инфекциясининг юқиши ёки юқмаслиги аҳолининг тиббий маданияти ва саводхонлигига боғлиқ. Аҳолининг саводхонлик даражаси нечоғли юқори бўлса, касалликнинг юқиш ҳавфи камаяди. Шунинг учун ҳам ҳуқуқий ва тиббий маданиятни ошириб бориш долзарб вазифа бўлиб қолаверади.
Марказимиз томонидан соғлом турмуш тарзи тарғиботи бўйича ҳамкор ташкилотлар билан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Вилоят ҳокимининг "2017 - 2019 йилларда Наманган вилоятида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш ҳамкорликдаги Дастури" ишлаб чиқилди. Унга кўра вилоятда оналар ва болалар, никоҳланувчи ёшлар, чет давлатларда ишлаб қайтаётган фуқароларимиз ва аҳолининг барча қатламлари орасида ОИТС касаллигининг олдини олиш, тиббий кўрикдан ўтказиш, касалликка чалинган беморларни диспансер назоратига киритиб, даволаш ишлари бажарилмоқда. Шунингдек, вилоятимиз аҳолисининг урф-одатлари, маънавий-ахлоқий негизлари ва қадриятларини хисобга олган ҳолда юқумли касалликлар профилактикаси, шахсий гигиена масалалари тўғрисида ўқув қўлланмалар, услубий таълим материаллари, буклетлар тайёрлаб, ахборот-тушунтириш ишларини олиб боряпмиз.
ОИВ инфекциясини олдини олиш учун аҳоли орасида 2018 тадан ортиқ маъруза ва суҳбатлар, кўплаб савол-жавоб кечалари ўтказилди.
Вилоят Халқ таълими бошқармаси билан ҳамкорликда умумтаълим мактабларида ОИВ инфекциясидан сақланишга бағишланган учрашувлар ўтказилмоқда, ўқувчиларга диктантлар ёздирилмоқда. Вилоятдаги 486 та МФЙ, 350 та мактаб, 124 та коллеж, 21 та лицей, 230 та тиббиёт муассасаларида профилактик тадбирлар ташкил этилди.
Ёшлар ўртасида 50 дан ортиқ тадбирлар уюштирилиб, уларда 5 минг нафардан зиёд навқирон авлод вакиллари қамраб олинди. Айниқса, ёшларни волонтёрлар (кўнгиллилар) дастури асосида ўқитиш уларнинг тенгдошлари ўртасида касалликнинг олдини олиш бўйича муҳим тадбирлар олиб бориши ҳам ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Аҳолининг ОИВ инфекцияси профилактикаси ҳақидаги тушунчаси йилдан - йилга ортиб бормоқда. Масалан, жорий йилнинг сентябрь ойида "Косонсой" сиҳатгоҳида 250 нафардан ошиқ дам олувчилар тарғибот тадбирига жалб қилинди. Ноябрь ойида "Тиббиёт ходимлари куни" олдидан спорт марафони ўтказилди. Унда 5000 нафардан зиёд тиббиётчилар қатнашдилар.
Наманган шаҳар "Баркамол авлод" ижодий марказида мактаб ўқувчиларининг "ОИТС - ўқувчилар нигоҳида" деб номланган расмлар танлови бўлиб ўтди. Вилоят ёшлар марказида олий ўқув юртлари талабалари билан ОИВ инфекциясининг профилактикаси бўйича маъруза, талабалар ижросида саҳна асарлари, расмлар кўргазмаси ва халқаро спорт мусобақалари ғолибларининг чиқишлари ташкил қилинди. Тадбирда Республика ОИТСга қарши кураш маркази рахбари Қаҳрамон Йўлдошев, бош мутахассиси Гулифар Нормуродавалар иштирок этди. Бундай тадбирлар давом этяпти.
Тиббиётчиларнинг ҳам ОИВ инфекцияси бўйича тиббий саводхонлиги ошириб борилмоқда. Бу уларда нафақат ўзларини, балки бошқаларни ҳам ҳимоя қилиш учун омил бўлади. Жумладан, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг махсус буйруғи билан ўқув курслари ташкил қилинди. Уларда 850 нафар шифокор ва 1000 нафар ўрта тиббиёт ходимларининг малакалари мукаммаллаштирилди.
Раҳмонжон АБДУЛЛАЕВ,
вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази бош врачи.