Наманган шаҳридаги "Ёшлар маркази"да  1 декабрь - Халқаро ОИТСга қарши курашиш куни олдидан вилоят ҳокимлиги ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси  вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази билан ҳамкорликда "Биз - ОИВга қаршимиз" шиори остида кўнгилочар акция ўтказди.

Сир эмас, орттирилган иммунитет тан­қислиги синдроми жаҳон аҳлини жиддий ташвишга солмоқда. Чунки, бу ҳавфли иллат ҳар йили қанчадан-қанча одамларнинг ҳаётига зомин бўлмоқда. Шу боис ҳам унинг олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатлар дунё миқёсида авж олдирилмоқда. Мамлакатимизда ҳам  ОИВнинг тарқалишига йўл қўймаслик чоралари кўрилаётир. Тегишли ҳуқуқий асослар яратилган, улар ижросини таъминлашга масъул қатор тузилмалар фаолият юритаётир. Шунга қарамасдан, бу юқумли кассалликдан азият чекаётган инсонлар сони ортаётганлиги ўта аянчли ҳолдир.

Мазкур акцияга кенг жамоатчилик вакиллари билан бир қаторда талаба ёшлар ҳам таклиф этилди. Олийгоҳ талабалари, касб-ҳунар коллежлари ва мактаб ўқувчилари, умуман ёш авлод тасаввурида ОИВнинг нақадар хатарли таҳдиди ҳақида тушунча уйғотиш тадбирнинг бош ғояси эди. Шу мақсадда ишлаб чиқилган дастур хилма ҳил тарғибот, маданий ва тиббий тадбирларни қамраб олди. Улар узвий равишда бир бирини тўлдириб, қатнашчилар кўз ўнгида ОИТС балосининг мудҳиш оқибатлари инсоният бошига қанчалар мусибатлар ёғдираётганлиги гавдалантирилди.

Огоҳликка ундовчи тадбир тафсилотлари юзасидан батафсил тўхталадиган бўлсак, аввало марказ фаесидаги таъсирчан жараёнларга эътиборингизни тортамиз. Акция иштирокчиларининг диққатини бутун фае узра ёйилган кўргазмалару ёш мусаввирларнинг мавзуга оид расмлар яратиш борасидаги изланишлари ўзига жалб этди. ОИТСга қарши кураш самарадорлигини оширишга қаратилган инновацион ғоялар талаба ва ўқувчилар томонидан ишланган ижод маҳсулларида ўз аксини топган бўлса, иқтидорли мўйқалам соҳиблари ўй-хаёлларидаги мақсади интилишларини рангтасвир асарларига кўчиришга ҳаракат қилишди.

Зални тўлдирган ўғил-қизлар эса аср вабоси ҳақидаги тушунчаларини бевосита саҳнавий кўринишлар ва мутахассисларнинг чиқишлари орқали янада бойитганлари ҳақиқат. Дастлаб вилоят ОИТСга қарши кураш маркази мутахассиси Мансуржон Позилов  "ОИВ инфекциясининг эпидемиологияси, ташҳислашнинг клиник мезонлари тўғрисида" маъруза ўқиди. Слайдлар воситасида тўлдирилган маърузада нотиқ ОИВ ҳақида батафсил маълумот бериб, ундан сақланишнинг ягона йўли соғлом ҳаёт кечириш ва соғлом турмуш тарзи талабларига қатъий риоя этишдан иборат эканлиги ҳақида фикр юритди.

Наманган шаҳридаги санъат коллежи  талабалари талқинидаги саҳнавий чиқиш воситасида  СПИДнинг ёйилиш учун уриниши ва унга қарши инсониятнинг кескин кураши талқин этилди. Наманган маданият коллежи ёшлари ижросидаги композицияда эса хорижга ишлаш учун бориб, носоғлом муҳитга тушиб қолиб, иллатни юқтирган йигитларнинг аянчли қисмати  намоён бўлди.

Спортчи болаларнинг кўргазмали маш­ғулотларида соғлом ва баркамол авлод вояга етаётганлиги ифодаланган бўлса, жаҳон чемпионатларида ва Олимпиада ўйинларида ғолиб бўлган бир гуруҳ спорт усталари эришган натижалар намойишида юртимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг самаралари кўз-кўз қилинди. Ёшлигидан спорт билан мунтазам шуғулланганларнинг порлоқ истиқболи тараннум этилди.

- Болалигимдан спорт билан мунтазам шуғулланиб, зарарли одатлардан нари юрдим. Соғлом ва бақувват бўлиб вояга етдим. Ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб чиқдим. Спорт саломатлик гарови, инсонни камолот сари етакловчи омил эканлигини боксда эришган натижаларим тасдиқлаб турибди,-дейди Жамшид Муҳаммад­алиев.

Акцияда сўз олган вилоят ОИТСга қарши кураш маркази бош шифокори, Соғлиқни сақлаш аълочиси Раҳмонжон Абдуллаев, Республика ОИТСга қарши кураш маркази раҳбари, профессор Қаҳрамон Йўлдошев, таниқли спортчилар, инновацион ғояларни яратган талабалар, уларнинг устозлари ОИВнинг олдини олиш борасидаги изчил фаолият,  бу бало хавфидан омманинг хабардорлик даражасини ошириш, айниқса ёшларни соғлом турмуш тарзи қоидаларига амал қилишга ўргатиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири эканлигини таъкидладилар.

- Тадбирни ташкиллашда фаол иштирок этган бир гуруҳ мутахассислар, изланувчан ёшлар ва спортчиларга эсдалик совғалари тарқатилди. Наманган муҳандислик-қурилиш институти талабалари Иброҳим Раҳимжонов, Мақсудали Жўраев, Илёсбек Жўраев, 7, 34, 49, 80-мактабларнинг  ўқувчилари, Наманган санъат ва маданият коллежлари режиссёрлари Собитхон Усмонов, Тошкент­бой Отажоновлар, скрипкачилар халқаро танлови ғолиби Аҳрормирза Раҳмоновлар шулар жумласидандир, - дейди вилоят  ОИТСга қарши кураш маркази касаба уюшмаси қўмитаси раиси  Раъно Ҳайдарова.

Ҳаёт энг бебаҳо неъматдир. Унинг қадрига етиб, ҳар бир лаҳзасидан самарали фойдаланган, соғлом ва эзгу амалларни одат қилган киши саломатлигидан ҳеч қачон шикоят қилмайди. Умрининг фойдали, самарали ва ибратли ўтаётганидан, юрт равнақига баҳоли қудрат ҳиссаси қўшилаётганидан завқланиб яшайди. Фарзандлари соғлом юрт эса қудратли бўлади. Мазкур акцияда одамлар ОИВдан яна бир карра огоҳ этилиб, соғлом турмуш кечиришга ундалганлигида ҳам ана шу ҳикмат мужассамдир.

Абдулла ҒОЗИЕВ.

Суратларда: акциядан лавҳалар.