Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламларини аниқлаш ва уларга зарур даражада моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада бир қатор меъёрий ҳужжатлари қабул қилинган. Президентимизнинг 2017 йил 1 декабрдаги "Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари" тўғрисидаги ПФ-5270-сонли Фармони ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашни янги босқичга чиқариш, уларнинг ҳаёт кечириш сифати ва даражасини ошириш, бу борадаги қулай ва мақбул муҳитни таъминлашнинг фундаментал асосларини яратди.
- Жорий йилнинг ўтган 9 ойи якунларига кўра вилоятимиздаги муҳтож фуқароларни протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари билан таъминлаш кўлами кескин ошганини кўрамиз, - дейди биз билан суҳбатда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси кекса, ёлғиз ва аҳолининг заиф қатламларига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш шўъбаси раҳбари Нурмуҳаммад Турғунов. - Муҳтож фуқароларга реабилитация техник воситалари ва ногиронлик аравачалари етказиб бериш миқдори 2017 йилнинг 9 ойига нисбатан 14,4 мартага, эшитиш мосламалари 5 мартага, ҳасса 4 мартага, қўлтиқтаёқ билан таъминлаш 5 мартага ортган.
Шунингдек, Наманган шаҳар ҳамда туманлар тиббиёт бирлашмалари томонидан 2483 нафар ёлғиз ҳамда якка яшовчи кекса, ногиронлиги бўлган шахслар ўз уйида ижтимоий хизмат кўрсатиш билан тўлиқ қамраб олинди, улардан 150 нафари ҳар ойда 15 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиена воситалари билан бепул таъминланмоқда.
Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги санаторийларда қарийб 1912 нафар кекса, пенсионер, ногиронлиги бўлган шахслар, 1941-1945 йиллар мобайнида уруш ва меҳнат фронтида фаол иштирок этган фахрийлар бепул соғломлаштирилди. Уч минг нафардан зиёд муҳтож фуқаро протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари, шу жумладан, 156 нафари протез-ортопедия буюмлари, 2139 нафари ногиронлик аравачаси, 427 нафари эшитиш мосламаси, 280 нафари ҳасса, 253 нафари қўлтиқтаёқ билан бепул таъминланди. Поп туманидаги "Мурувват", Наманган шаҳридаги "Саховат" интернат уйларида 312 нафар ёлғиз кекса ва ногиронлиги бўлган шахслар тўлиқ давлат таъминотига олиниб, стационар шароитда тиббий-ижтимоий ёрдам олдилар. Вилоятдаги 1293 нафар ногиронга тиббий ижтимоий реабилитация хизмати кўрсатилмоқда.
Куни кеча Наманган шаҳридаги "Боғи эрам" мажмуасида ўтказилган Халқаро ногиронлар кунига бағишланган байрам кечасида Наманган шаҳрида яшовчи ногиронларнинг вакиллари жам бўлдилар. Уларни вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси И. Қўчқорова, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, "Шифокор ва ҳаёт" газетаси муҳаррири А. Ғозиев самимий қутладилар. Бир гуруҳ ногиронларга ижтимоий ёрдам сифатида ногиронлик аравачалари ва сиҳатгоҳларга тиббий йўлланмалар топширилди.
Тадбирда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров иштирок этди.
Мусохон АКМАЛОВ.
Суратларда: тадбирдан лавҳалар.