Бугун Замира она деган шарафли номга мушаррафланди. Бу кунни қанча кутганди-я. Миттигина чақалоғини бағрига босаркан, унинг майин ифоридан сарҳушлик туйди... Лекин бирдан ҳангу манг бўлиб қолди. Ичидан зил кетди. Аммасига келин бўлган, олти йилдан буён фарзанд доғида юрган Замира гўдагига боқиб, қўлига олганида дод деб юбораёзди. Чақалоқнинг қўлчалари ва оёқчалари калта, бармоқлари ажралмаган эди...

Афсуски, баъзан мана шундай тақдир тақозоси билан носоғлом гўдакларнинг дунёга келиши ҳоллари учрайди. Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ туфайли оилаларда болаларнинг ирсий касалликлари билан туғилиш эҳтимоли юқори. Баъзан яқин қариндош-уруғлар турмуш қурган оилаларда соғлом фарзандлар туғилган бўлиши мумкиндиру... Шуни назарда тутиш керакки, улардаги яширин ҳолда бўлган касаллик белгиси авлоднинг невара-чевараларида юзаланиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

- Биз аҳоли орасида қанчалик тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб бормайлик, аҳён-аҳёнда яқин қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳлар қайд қилинмоқда, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари Лайлохон Аҳмедова. - Оқибатда бундай оилаларда кўпинча ақли заиф ва жисмоний нуқсонли болаларнинг туғилиши рўй беради. Спиртли ичимликлар истеъмол қиладиган, тамаки чекувчи ва гиёҳвандликка ружу қўйганларнинг зурриёди ҳам носоғлом дунёга келиши кузатилмоқда. Ана шундай фарзандлар тақдирига бефарқ қараб бўлмайди. Уларни соғ­ломлаштириш масалалари вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси мутасаддиларининг ҳамиша диққат эътиборида.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 декабрдаги "2018 - 2022 йилларда болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида"ги ПҚ-3440-сонли қарорига мувофиқ нуқсон билан туғилган болаларни соғ­ломлаштириш борасида бир қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, Республика "Она ва бола скрининги" марказидан туғма гипотиреоз хасталиги билан "Д" назоратида турувчи болаларга тироксин дори препарати келтирилди. Янги туғилган чақалоқларни парваришлаш, айниқса экстремал кичик вазн­дагилар учун вилоят перинатал маркази сурфактант дори воситаси билан таъминланди. Ҳозирда вилоятнинг барча туғруққа ёрдам кўрсатиш муассасаларига янги туғилган чақалоқларда геморрагик касаллигининг олдини олишда қўлланиладиган фитоменадион (витамин К) етказилиб турилибди.

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги, "Соғлом авлод учун" халқаро ҳайрия жамғармаси ва Германия давлатининг "Фриеденздорф Интернейшил" халқаро ташкилоти ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланган. Шартнома доирасида Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасида уч нафар ногирон болаларда жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, улардаги юрак туғма нуқсонлари бартараф қилинди.

Шунингдек, Германия давлатида чап оёғи калта ногирон болада жарроҳлик амалиёти муваффақиятли амалга оширилди.

Диспансер ҳисобида турувчи ва тез-тез касалликларга чалинувчи болалар ревматизм, асаб, нафас аъзолари ва ошқозон-ичак тизими касалликлари бўйича республика терапия ва тиббий реаблитация ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказида даволантирилди.

Ўндан ошиқ ногирон болалар Республика ногиронларни реаблитация килиш марказига юборилган бўлса, диспансер ҳисобидагиларга "Чортоқ" ҳамда "Бешкапа" болалар сиҳатгоҳларида даволаниши учун зарур шароит ва имконият яратилди.

Болалар - бизнинг келажагимиз. Уларнинг саломатлигига барчамиз бирдай масъулмиз.

Манзура ЭРГАШЕВА.