Ошқозон ости бези гармони инсулиннинг етишмаслиги оқибатида организмда моддалар алмашинувининг бузилиши билан намоён бўладиган қандли диабет бугун бутун дунё аҳлини жиддий ташвишга солмоқда. Ҳозирда касалликнинг ёшараётганлиги, баъзан болалар ва ўсмирлар орасида ҳам учраётганлиги эса бундай кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш ва бартараф этишни долзарб вазифа қилиб қўймоқда. Бу эса эндокринологлар зиммасига катта масъулият юкламоқда.

Вилоят эндокринология диспансерида 14 ноябрь - Халқаро қандли диабетга қарши кураш куни муносабати билан эзгу мақсадли ва мароқли тадбир ташкилланди. Яъни вилоятнинг шаҳар ва туманларидан таклиф қилинган болажонлар байрамона дастурхон атрофига чорланди.

Анжуманни шифохона бош врачи Муҳаммаджон Ваққосов очар экан, бугун дунё­да диабетни касаллик эмас, турмуш тарзи дея эътироф қилинаётганлигини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, у муҳим сананинг мазмун-моҳияти тўғрисида атрофлича фикр юритди.

Тадбирда сўз олган тўрақўрғонлик 81 ёшли отахон Абдужаббор Жакбаралиев жумладан шундай деди:

- 43 йилдан буён қандли диабетман. Сиз ҳам мен каби узоқ умр кўришни истасангиз - шифокорлар маслаҳатлари ва тавсияларига қатъий амал қилинг.

Дарҳақиқат муҳим сана шарофати билан бемор болаларга инсулин перепаратлари, бир марталик шприцлар, таблеткалар, ўқув қуроллари туҳфа қилинди. Бундан нафақат хаста болалар, айни пайтда улар билан бирга ташриф буюрган ота-оналарнинг ҳам қувончи чексиз бўлди.

- Тадбир ғоят мароқли ўтмоқда, - деди Муниса Ибрагимова. - Қизим икки йилдан буён мазкур касалхонада даволаниб келади. Шифокорлари самимий ва ширинсўз. Айниқса, ҳомийлар ёрдамида тез-тез бепул дори-дармонлар билан таъминлаб туришади. Жамоадан жуда-жуда миннатдормиз.

Тадбирда "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия жамғармаси вилоят бўлими ҳамда Ўзбекистон халқ демократик партияси вилоят Кенгаши вакиллари ҳам иштирок этишиб диспансер шифокорлари ва барча даволанувчи ўғил-қизларни эсдалик совғалари билан сийлашди.

Наманган санъат коллежи ўқитувчи ва ўқувчилари томонидан ижро этилган шўх куй ва қўшиқлар барчага хуш кайфият бағишлади.

Манзура ЭРГАШЕВА.